Интернетга тобелик
“Интернетсиз неча кун яшай оламан”, деб ўзимни синаб кўрмоқчи бўлдим.
Биринчи куни худди муҳим бир нарсасини йўқотиб қўйган одамдек телбаланиб вақтимни ўтказдим.
Иккинчи куни телефонимни гоҳ у қўлга оламан, гоҳ бу қўлга оламан, интернетни ёқиш тугмасига мўлтираб узоқ-узоқ тикилиб қоламан. Шайтон: “Интернетга бир кириб кўр, қанча гапдан қолиб кетдинг-а”, деб қулоғимга қуяётгандек бўлади.
Учинчи куни “Дамас”да шаҳарга кетаётган талабадан “Интернетда нима гап?” деб ўсмоқчилаб сўрадим. У қулоғидаги микрофон симини узиб, менга ҳайрон қараб қолди. “Обҳавони сўраяпсизми? Ҳозир… ҳозир…”
Тўртинчи куни кашандаларда бўлгани сингари хуморим қаттиқ тутиб қолди. Қанчалик уринмайин, ўзимни тута олмадим.
Бешинчи куни узоқ қариндошимизни кўриб келдим.
Олтинчи куни томорқада кунимни ўтказдим.
Еттинчи куни футбол томошасига бордим.
Саккизинчи куни қўшним бомдодга чақирди, икковлон масжидга отландик. Тўққизинчи куни ҳашарга чиқдим. Қанча ҳамқишлоқларимдан узоқлашиб кетган эканман-а!
Ўнинчи куни… Дастурхон атрофида: “Аҳволлар яхшими?” деб сўрайман жиянимдан. “Аянг қандай?”. У телефондан кўзини узмай: “Яхши, яхши, тоға”, дейди. Яна ниманидир сўрайман. Кутаман. Атайин йўталган буламан. “Эшитдим… эшитдим… Машиналарни рассрочкага чиқаришибди…” Ол-а, мен бошқа нарсани сўраяпман-ку?! Кечки овқатдан сўнг кўчага чиқаман. Маҳалла болалари ҳам у ер-бу ерда телефон ковлаб ўтиришибди. Пенсионер қўшниларимга яқинлаша туриб, томоқ қилган буламан. Улар уйимиз олдидан ўтадиган зовурга оёқларини осилтирганча телефондан кўз узмай ўтиришшарди. “Баракалла, Абдуқодир! Англия ўзбекнинг боласига раҳмат айтиши керак”. “Ўпкаси йўқ блогер бунча ақиллади-я?!”, “Бу шайтон нусха ким бўлди? Ҳалолдан гапириб, ҳаром юриши нимаси…”, “Пенсия масаласида яна алдашибди…”
Тоқат қолмади менда. Эрталабдан интернетга кирдим-у, михланиб қолдим…
– Яна кирдингми интернетга? – дейди қалбим.
– Эсиз, ярим соатгина кўриб олай… Бошқа кирмайман, – дейман.
Ярим соат ярим кунни, ярим кун бир кунни, бир кун бир ҳафтани етаклаб келади… Яна бефойда машғулотларга кўмилдим. Яна одамгарчилик унутила бошланди… Меҳр-оқибатдан узоқлашиш бошланди. Лоқайдлик ва субутсизлик бошланди… Меҳрсизлик, одобсизлик ва ёвузликка олиб келган интернетни ўйлаб топган кимса бир қўлимга тушсайди…
Маҳмуд ИБОЕВ,
фахрий журналист
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws