“Кичик Мадина”: шовқинли Лестер бағридаги исломий маскан
Англиянинг Лестер шаҳри марказида ҳаёт исломий қадриятлар ва анъаналар асосида кечадиган ўзига хос бир ҳудуд жойлашган.
IQNA сайтининг “leicester.news” нашрига таяниб хабар беришича, Спинни-Хиллз (Spinney Hills) туманининг марказида оддий йўловчилар кўзидан яширин бир майдон бор. Бугунги кунда мусулмонлар орасида бу жой “Кичик Мадина” деб атала бошлаган. Бу жойнинг расмий номи – «Шайх Адам майдони». У туманнинг машҳур олими ва барчага севимли етакчиси, кўп йиллар давомида маҳаллий жамоага хизмат қилган Шайх Адам Соҳиб шарафига шундай номланган.
Бу майдонни шаҳарнинг бошқа жойларидан ажратиб турадиган жиҳат – ундаги ўзига хос осойишталик ва хотиржамлик муҳитидир. Бу ерда шаҳар шовқинидан холи, ўз ҳаётига эга кичик бир қишлоқ муҳити ҳукм суради. Маҳаллий аҳоли ва дўкон эгаларининг самимий меҳмондўстлиги эса бу ерга келган ҳар қандай кишида илиқ таассурот қолдиради.
Мусулмонлар ҳаёти учун зарур бўлган деярли барча нарса мавжуд бу ҳудуд тўлақонли бир қишлоқ каби фаолият юритади. Майдондан бир неча қадам нарида махсус исломий китоб дўконлари, хайрия дўконлари, кўплаб мадрасалар, ҳалол гўшт дўконлари, озиқ-овқат дўконлари ҳамда «KS Cooks» ҳалол кафеси жойлашган. Ушбу кафе ўзининг янги тайёрланган пишириқларини Лестер шаҳри бўйлаб яна 14 та дўкон ва супермаркетга етказиб беради.
Бундан ташқари, бу ерда Маккага зиёрат сафарларини ташкил этишга ихтисослашган туристик агентлик, шунингдек, исломий анъаналарга мувофиқ дафн маросимларини тўлиқ ташкил этиб берувчи дафн хизматлари ҳам мавжуд.
Қизиқарли жиҳатлардан бири шуки, Асфортби кўчасидаги собиқ полиция участкаси ва ёнғин хизмати биноси бугунги кунда исломий тадқиқотлар марказига айланган.
Майдоннинг кўрки бўлиб турган Жоме масжиди нафис гумбази ва икки минораси билан ажралиб туради. Эътиборлиси, бу бино илгари ёнидаги фабрика ишчилари учун ошхона бўлган.
Шайх Адам майдонида 30 йилдан бери фаолият юритаётган «Исломий дўкон» амалда туманнинг норасмий ахборот маркази вазифасини бажаради. Дўкон ичи ташқаридан кўринишидан анча кенг бўлиб, унда мусулмоннинг маънавий ҳаёти учун зарур бўлган турли буюмларни – китоблар ва атирлардан тортиб, жойнамозлар ва тасбеҳларгача – топиш мумкин.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати