Нашриёт фидойилари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда ўзгача байрам шукуҳи кезмоқда. Чунки ҳар куни кўплаб шодиёнали тадбирлар, хайриялар, фидойиларни тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Қувонч устига қувонч, байрам устига байрам.
Худди шундай тантана Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилди. Унда диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва соҳа ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида сўз юритилди.
Шунингдек, диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларимизга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Хусусан, мазкур юксак мукофот билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУнинг фидойи ходимлари – нашриёт директори Султонбек Имомназаров, бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов, диний-маърифий адабиётлар бўлими мудири Бобомурод Эралиевлар тақдирландилар. Бундай эътироф нафақат мукофот соҳибларига, балки бутун нашриёт ходимларига берилган эътибор ва рағбатдир.
Ҳамкасбларимизни юксак мукофот билан самимий муборакбод этамиз!
Бундай шодёналар бардавом бўлиб, юртимиз бундан-да равнақ топаверсин. Истиқлол байрами барча юртдошларимизга муборак бўлсин.