Илёс алайҳиссалом қиссаси
Илёс алайҳиссалом қиссаси тавҳид ва ширк ўртасидаги курашни яққол намоён этувчи ибратли воқеаларга бойдир. Илёс алайҳиссалом Бани Исроил пайғамбарларидан бўлиб, у Илёс ибн Ясин, Ҳорун (Мусо алайҳиссаломнинг укалари)нинг авлодидандир. Эски китобларда у (Илия) номи билан танилган. У зот Бани Исроил орасида тарқалган бузуқ эътиқодлар кучайган, бутпарастлик очиқ-ойдин авж олган даврда Шом ўлкаси, аниқроғи, ҳозирги Ливан давлатидаги Баълабакка ва унинг атрофида истиқомат қилувчи қавмга пайғамбар қилиб юборилган ва ўша ерда вафот этган. Бу жойда одамлар “Баъл” номли санамга сиғиниб, уни ҳаёт, ризқ ва табиат ҳодисаларини бошқарувчи куч деб ҳисоблар эдилар.
Илёс алайҳиссалом ҳақида Қуръони каримда икки жойда зикр қилинган. Биринчиси, бир қатор пайғамбарлар ҳақида сўз юритилганда зикр қилиниб, Аллоҳ таолонинг: “Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаси солиҳлардандир” (Анъом сураси, 85- оят), деган сўзи. Иккинчиси, у зотнинг қиссаси келган қуйидаги оятларда баён қилинган:
“Илёс ҳам, албатта, пайғамбарлардандир. Қайсики, у ўз қавмига деган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизми?! Сизлар яратувчиларнинг яхшисини (Аллоҳни) қўйиб, Баъл (номли бут)га сиғиняпсизми? Сизларнинг ҳам Раббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Раббини қўйиб-а?!». Бас, (Илёсни) ёлғончига чиқардилар. Бас, албатта, улар (дўзахга) ҳозир қилинувчидирлар, илло, Аллоҳнинг (диллари куфрдан пок) ихлосли бандаларигина (ҳозир бўлмаслар). Биз кейинги (авлод)лар орасида унинг (Илёснинг) ҳақида (гўзал мақтовлар) қолдирдик. Илёсга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир” (Соффот сураси, 123–132– оятлар).
Аллоҳ таоло у кишини Бани Исроилга юборган эди. Улар “Баъл” номли бутга сиғинаётган эдилар. Илёс алайҳиссалом уларни Аллоҳни ягона Холиқ деб билишга чорлади ва У Зотдан ўзгага ибодат қилишдан қайтарди. Қавмнинг подшоҳи аввал иймон келтирган, кейин муртад бўлган эди. Улар залолатларида давом этишди. Уч йил мобайнида ёмғир ёғмади. Кейин қайсар қавм Илёс алайҳиссаломдан бу балони кетказишини сўради ва агар ёмғир ёғса, унга иймон келтиришга ваъда беришди. Шундан сўнг Илёс алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилди, ёмғир ёғди, лекин улар куфрларида давом этдилар.
Шунда Илёс алайҳиссалом Аллоҳдан уни Ўзи ҳузурига олиб кетишини сўради. Илёс алайҳиссалом Бани Исроилни тарк этгач, Аллоҳ таоло уларга пайғамбар қилиб Алясаъ алайҳиссаломни юборди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ уларни қиёмат азоби билан қўрқитган, лекин уларга дунёвий жазони зикр қилмаган. Аллоҳ таоло пайғамбарларига эргашган ихлосли кишилар азобдан узоқ эканини ва уларга улуғ мукофот борлигининг хабарини берган.
Қисса охирида Аллоҳ таоло Илёс алайҳиссаломни Бани Исроилга қилган даъвати учун яхшилик билан эслади, унга Ўзидан ва бандаларидан салом борлигини айтди ва уни бошқа пайғамбарлар каби мақтади – Аллоҳнинг барча пайғамбарларига салавоту саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Илёс алайҳиссаломга бир қанча мўъжизалар берган:
– ўликни тирилтириш;
– ўз амри билан оловни ўчириш;
– подшоҳнинг иймони туфайли уни оловга ташлаган аёлининг оловда куймаслигини буюриш (олов у аёлга зарар етказмади);
– қавми ўжарлик ва куфрда давом этса, уларга ёмғирни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилиб, кейин шундай қилиши;
– қавмининг баъзилари унинг даъватига иймон келтириб, Аллоҳни ягона деб тасдиқлагандан сўнг, ёмғир тушириш. Илёс алайҳиссалом ҳаёти инсон қалбини уйғотадиган ва иймонни мустаҳкамлайдиган ибрат мактабидир.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws