Ёмғир ҳиди
“Аллоҳ шундай Зотки, (У) шамолларни юбориб, булутларни қўзғайди, бас, уни осмон бўйлаб хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач, унинг орасидан ёмғир чиқишини кўрасиз. Бас, қачонки уни (ёмғирни) Ўз бандаларидан хоҳлаган кишисига етказганда улар бирдан шодланиб кетурлар”
(Рум сураси, 48-оят).
* * *
Ёмғир ёғаётганида ердан кўтариладиган ёқимли ҳид (петрикор) шунчаки эмас, тенги йўқ неъматдир! Ёмғир сувида ивиган турли микроорганизмлар, жумладан, цианобактериялар ва актиномицетлар “геосмин” номли ўзига хос ифорли модда ишлаб чиқаради. Биз уни “ер ифори”, “нам тупроқ ҳиди”, “ёмғир иси” ҳам деймиз. Ёмғир вақтидаги нам тупроқ иси миянинг хавфсизликка масъул бўлган ҳудудларини фаоллаштиради. Ва бунинг таъсирида мия бутун вужудга “Айни дамда биз учун ҳеч қандай хавф ва таҳлика йўқ, ҳамма ёқ тинч, ҳаммаси яхши”, деган хабар юборади.
Ёмғир вақтидаги бу намхуш ифор – ташвиш ва стресслар чангалидаги одам учун табиий “антидепрессант” вазифасини бажаради, яъни уни тинчлантиради ва стресс гормони – кортизолнинг салбий таъсирини йўқ қилади. Агар ёмғир остида бироз юрсангиз, унинг ифори миянгизни яхши кайфият гормони – серотонин ишлаб чиқаришга ундайди. Шундай экан, ёмғирда сайр қилишни одат қилиш зарур.
Дилфуза КОМИЛ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws