“Ижодкорлик ва инновациялар”: ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш дастури
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги «Ижодкорлик ва инновациялар» дастури доирасида ҳаж ва умра ибодатларини адо этаётган зиёратчиларга хизмат кўрсатиш тизимида инновацион маҳсулот ва ечимларни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, мазкур инновацияларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари ҳам баҳоланмоқда.
IQNA сайти Саудия Арабистонининг «WAS» ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, ушбу дастур ҳожиларга кўрсатилаётган хизматларни янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар томонидан таклиф этилаётган ечимларни хизмат кўрсатувчи компанияларнинг эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш имконини беради.
Инновацион ғоя ва ечимларни ҳаётга татбиқ этиш мумкин бўлган тайёр маҳсулотларга айлантириш мақсадида дастур икки асосий йўналишда амалга оширилмоқда: «Ривожлантириш ва инновациялар» ҳамда «Стартаплар».
«Ривожлантириш ва инновациялар» йўналиши ҳаж ва умра жараёнидаги эҳтиёж ҳамда муаммоларга жавоб берадиган турли ечимларни синовдан ўтказиш, ишлаб чиқиш ва амалиётда баҳолашга қаратилган.
«Стартаплар» йўналиши эса янги ташкил этилган технологик компанияларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, ўз ечимларини тақдим этиш, инвестиция жалб қилиш ва стратегик шериклик алоқаларини йўлга қўйиш учун платформа яратади.
Ҳижрий 1447 йилги ҳаж мавсумида бир қатор инновацион ечимлар реал шароитда синовдан ўтказилди. Улар орасида мобил модуллар, интеллектуал гольф-карлар, «ақлли» кабиналар, интеллектуал ўриндиқлар, “Amantech рақамли платформаси”, шунингдек, «Саёҳатларим ҳикоялари» ташаббуси бор.
Бугунги кунга қадар мазкур дастурдан 761 мингдан ортиқ киши фойдаланган. Дастурнинг икки йўналиши доирасида 145 дан зиёд келишув имзоланган, 522 та дала ва виртуал баҳолаш ўтказилган. Шунингдек, ўтган ҳаж мавсумида дастурда 84 та компания иштирок этган.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги инновациялар, тадбиркорлик ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ишларини изчил давом эттирмоқда. Асосий мақсад – ҳожиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш, уларнинг эҳтиёжларига мос замонавий ечимларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш ҳамда ҳаж ва умра ибодатлари давомида зиёратчилар учун янада қулай, хавфсиз ва юқори сифатли шароитлар яратишдан иборат.
И.АҲМЕДОВ таржимаси.