Саратон чақирувчи ёғлар
Дошқозондаги ошдан қолган қоп-қора ёғни чўмичда пластмасса идишга қуяётган ошпазга:
– Буни нима қиласиз? – деб савол бердим. У “Шуниям билмайсанми?” дегандай энсаси қотди ва:
– Эртанги ошга соламан-да, қизим. Ош мазали чиқади. Чунки бугунги паловнинг барча витамини шу ёғда. Кейииин…
Унинг гапини бўлдим:
– Бу ёғда витамин-питамин йўқ. Лекин саратон чақирувчи ёмон моддалар бор. Совиб улгурмаган ёғни пластмасса идишга қуйдингиз, бундан ҳам заҳар ажралиб чиқади. Инсонлар саломатлигига қанчалик зарар эканини билмайсизми, амаки?! Саксон килолик қозонингиз бор экан. Демак, ҳар куни юзлаб одамларга шундай ош тарқатасиз…
Унинг жаҳли чиқиб, бароқ қошлари чимирилди. Мен ошпазнинг ёшини инобатга олиб, атрофда одам йўқлигида паст овозда гапирувдим. У бўлса, овозини баланд кўтариб, ҳаммани чақира бошлади:
– Эй халойиқ! Бу ёққа қаранглар! Мана бу жинни аёл ошимизни заҳарли, деяпти. Ҳар куни шундан еб турасизлар-ку, бир нарса деворинглар!
Ошхона бозор ўртасида жойлашгани учун бирпасда одам йиғилди. Бири қўйиб, бошқаси ошпазнинг маҳоратию ошнинг мазасини мақтай кетди. Битта-иккитасининг овози баланд чиқди:
– Сиздақа олифталардан тўйдик! Қаердан пайдо бўласизлар ўзи?!
– Туришингиздан ош ейдиганга ўхшамайсиз…
Шунча одам қўллаб-қувватлаганидан руҳланган ошпазнинг овози яна бир парда кўтарилди:
– Ресторанма-ресторан юрсанг керак, олифтахон?! Башаранг айтиб турибди ўзи. Ошга тил теккизма лекин! Ота-бобомиз еб келган таом бу! Шу қора қозонлар боқяпти халқни… Қўлидаги кўкатини қўйишга улгурмаган озғин, кўринишидан касалманд бозорчи аёллардан бири бурним тагига келиб хезланди:
– Мен касалман! Топган-тутганим дори-дармонга кетади. Қимматроқ овқат ея олмайман. Бизнинг кунлик овқатимиз шу – арзонгина ош, гумма, перашка, сомса… Яхшиям шу ошхоналар бор. Ёқмаса, суринг! Аёлнинг ёнига етиб келган шериги ҳам бўш келмади:
– Шу опам рак! Дорилари қанақа қимматлигини биласизми ўзи?! Қиммат овқат ея олмаймиз биз. Халқнинг овқатига ёпишманг! Қани марш! Катта кўча! Энг ёмон гапни дошқозондагидан ҳам қорароқ ёғда гумма пишираётган аёлдан эшитдим:
– Сендақа жипириқлар ҳамма жойни саситиб юради. Одамларни тинч қўйинглар, илтимос! Халқнинг қорнини тўйдираётганимизга раҳмат айтмайсанларми ундан кўра?! Хоҳлаганинг бозорга кириб, минғирлайсанлар. Э, менга қара, халқ катта куч! Битта қўзғалса, энангни кўрасан. Отангдай одам билан олишма! Заҳармиш?! Сен заҳарсан! Қани, қани, чиқ!..
Аёлга яхшигина жавоб қайтарардим-у, онам тенги экан. Индамайгина чиқиб кетдим…
Ажойиб! Мен уларнинг соғлигини ўйлаб гапирсам, ниятим нималигини ҳам эшитмай, менга “ташланиб” қолишди. Йўлдаман-у, дошқозон атрофида йиғилган оломон эшитишни хоҳламаган маълумотларни пичирлаб кетяпман:
– Ошпаз ва перашкачи хола ёғни ҳар куни бир неча марта қайта қиздириб ишлатади. Ўта юқори ҳароратда (190–200°C дан юқори) қиздирганда ёғда хавфли моддалар пайдо бўлиши илмий жиҳатдан исботланган. Улардан бири – акролеин. Бу модда нафас йўлларига ва ошқозон-ичак тизимига таъсир қилади. Полициклик ароматик углеводородлар (ПАУ) – ёғ куйганда пайдо бўлади. У инсонларда саратон ҳужайраларини келтириб чиқаради. Ёғ қайта-қайта қиздирилганда табиий равишдаги ёғ кислоталари йўқолади ва трансёғга айланади. Трансёғ кислоталари эса юрак қон-томир касалликлари ва саратонни ривожлантиради. Альдегидлар ва кетонлар – қиздирилган ёғдаги оксидланиш жараёнидан ҳосил бўлади. Яна жигар ва ошқозон-ичак тизими ҳам касалланади. Бугун ҳар икки одамнинг бирида жигар гепатози мавжуд…
Ўзимга ўзим гапирганча бекатга етиб қолибман. Кимдир туртганидан чўчиб тушдим. Қарасам, бояги кўкатчи хола! Нимадир сўрамоқчи бўлиб жавдираб турарди. Бояги жасоратидан асар ҳам йўқ. У бироз хижолат бўлиб қўлимга аллақандай қоғозларни тутқазди:
– Сизни сабзи сотадиган қўшним таниб қолибди. Рак ҳақида кўп ёзар экансиз. Ўшанга ортингиздан югурдим. Кечаги анализим бу. Бир кўриб беринг, қизим. Рак ўлгур ёмон экан-да…
Озғин, рангпар, вужуди енгил титраётган аёлга раҳмим келди. Қўлимга тутқазилган қора елим қоғозни қуёшга тутиб, тана бўйлаб тарқаб кетган бир нечта хавфли ўсимталарни кўрдим. Саратон ўчоғи эса, тахмин қилганимдай, тўғри ичакда эди. Мўлтираб турган аёл ҳаммасидан хабардор эди. Ортиқча изоҳ керак бўлмади. Унинг кўзларида ёш ҳалқаланди…
Динимизда ҳам саломатлик неъмат ва ғанимат экани кўп бор таъкидланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат бор, кўпчилик бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик”, деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ривояти).
Муаззам ИБРОҲИМОВА
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws