“Пахтакор” жоме масжиди
Мазкур мўъжаз жоме Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги “Бахмалсой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. У Президентимизнинг йўл бўйларида намозхонларга қулайликлар яратиш тўғрисидаги таклифи ҳамда “Ўзбекистон Республикасида туризм хизматларини янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”гиҚарори самараси ўлароқ Бўкадан воҳага қараб юриладиган катта йўл бўйида барпо этилган. Масжид қурилишини 2022 йилда Сирдарё политех компанияси бошлатди ва 2023 йил Қурбон ҳайити олдидан қуриб битказилди. Бу эса маҳалла аҳолиси ҳамда ана шу йўлдан ўтиб-қайтувчи намозхон йўловчиларга ажойиб совға бўлди.
Жоменинг умумий майдони 693 квадрат метр. Бинонинг ички ҳажми 468.79 квадрат метр.
Масжидда хонақоҳида бир вақтнинг ўзида 300 киши намоз ўқий олади. Жума ва Ҳайит намозларида намозхонлар масжид ҳовлисида ҳам саф тортади ва намозхонлар сони мингдан ошиб кетади.
Таҳоратхонада ҳам барча қулайликлар яратилган: ички хоналар ва таҳорат учун ўриндиқларнинг ҳар бири ўнтадан зиёд. Иссиқ-совуқ сув қишин-ёзин узилмайди. Юз-қўл артиладиган сочиқлар ва оёқ учун қўлланиладиган сочиқлар тозалигига жиддий эътибор қаратилади ҳамда улар бири иккинчисига қўшилмасдан алоҳида ювилади.
Шунингдек, масжид ходимларини қулай иш ўрни билан таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Уларга зарурий жиҳозлар билан таъминланган учта шинам хона ажратилган. Компьютер ва интернет тармоғига ҳам замоннинг талаби ўлароқ алоҳида эътибор қаратилган.
“Масжид нафақат ибодат маскани, балки маҳалламизнинг файзи, кўрки, маънавият ва тарбия ўчоғидир”, дейди бахмалсойлик нуронийлар.
Ҳақиқатан, катта йўл бўйида қўр тўкиб турган кўркам масжидга кўзи тушган одам беихтиёр севиниб кетади ва ичкарисига кириб намоз ўқигиси келади. Албатта, бу файзли масканда амру маъруфлар, наҳй мункарлар бўлади. Ёшларга яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром нималиги, Ватанга, миллатга қандай хизмат қилиш кераклиги оят ва ҳадислар асосида тушунтириб борилади. Бундан эса маҳалла аҳли хурсанд.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws