Ҳабашистон бугунги қаер?
Ҳабашистон – Ислом тарихида алоҳида ўрин тутадиган юртлардан бири. У исломий манбаларда биринчи ҳижрат қилинган диёр, адолатли подшо ҳукмронлик қилган мамлакат ва мусулмонларга паноҳ берган ўлка сифатида зикр этилади.
Тарихий манбаларда Ҳабашистондаги ҳукмдор Нажоший адолатли подшо сифатида тасвирланади. Жумҳур уламонинг фикрига кўра, Нажоший Исломга кирган. Бу фикр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга йўллаган мактублари, Нажошийнинг жавоб мактуби ва бошқа тарихий ривоятлар билан қувватланади.
Нажоший даврида Ҳабашистонда мусулмонлар хавфсиз яшаган, эркин ибодат қилган, таъқибга учрамаган. Айрим саҳобалар Нажоший вафот этгунига қадар Ҳабашистонда қолган. Шу жиҳатдан, Ҳабашистон Исломга қарши чиқмаган, балки уни ҳимоя қилган илк давлат сифатида ёдга олинади. Шунинг учун Ҳабашистон Ислом тарихида нафақат географик, балки маънавий жиҳатдан ҳам юксак аҳамиятга эга бўлган юрт сифатида алоҳида ҳурмат билан тилга олинади.
Нажошийдан кейинги Ҳабашистон тарихи исломий манбаларда кенг ёритилмаган. Бунинг сабаби ислом тарихчиларининг асосий эътибори Макка, Мадина ва кейинчалик Ислом кенг ёйилган бошқа ҳудудларига қаратилгани билан изоҳланади.
Қизиғи шундаки, кўпчилик Ҳабашистонни Африка қитъасидаги ягона давлат бўлган ва Нажоший Африканинг подшоҳи бўлган деб билади. Бироқ Пайғамбар алайҳиссалом ҳижрат қилиш ҳақидаги ҳадисида “Ҳабашистон подшоҳи” демаганлар, балки “Ҳабашистон ерида бир подшоҳ бор”, деганлар.
Нажошийнинг исми шарифи – Ашҳама ибн Абжар. У тахминан 614–631 йилларда ҳукмронлик қилган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида яшаган Аксум подшоҳидир. Аксум подшоҳлиги – қадимги дунёдаги катта империялардан бири бўлиб, I асрда бугунги Эфиопияда пайдо бўлган. Бу бой африка цивилизацияси асрлар давомида ривожланиб, кенг ҳудудни назорат қилган ҳамда Рим империясини Яқин Шарқ ва Ҳиндистон билан боғловчи мураккаб савдо йўлларига эга бўлган.
Демак, мусулмонлар ўша даврда Африка қитъасидаги бугунги Эфиопияга бориб истиқомат қилишган. Улар бу ерга қандай қилиб денгиз орқали етиб келган бўлиши мумкин? Гап шундаки, 1993 йил Эфиопия таркибидан Эритрея ажралиб чиққан ва денгиз йўлини ёпиб қолган. Яъни Эфиопия 1993 йилгача денгиз бўйидаги давлат эди.
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws