Эътиборни ўзгалардан излашмасин…
Бир куни қизим айрим синфдош дугоналари ҳақида гап очиб қолди. Унинг айтишича, баъзи қизларни пул ва совғалар билан “таъминлаб” турадиган йигитлари бор эмиш…
Қизимга муслималар бундай бўлмаслиги, эркатой қизларга ҳавас қилиш керак эмаслиги ҳақида гапирар эканман, аёллар фақат ўзларига яқин, маҳрам бўлган эркаклардан, яъни отаси, ака-укаси, тоғаси ёки амакисидан совға олишлари мумкинлигини тушунтирдим.
Тўғри, ҳадя, ширин сўз, эътибор ҳаммани, хусусан, аёлларни ҳам хурсанд қилади, кўнглини кўтаради. Динимизда отага совғаларни қизлардан бошлаб тарқатиш буюрилгани бежиз эмас. Бундай илтифот аёллар учун жуда муҳим. Уларнинг нозик қалби доим эътиборга эҳтиёж сезади.
Ишхона ёки кўча-кўйда, жамоат транспортларида ҳам аёлларни ҳурмат қилиш керак. Бу, аввало, ўз ҳурматингизни қўлга киритиш бўлади. Дарҳақиқат, аёлларни эъзозлаган эркаклар мард ва маънавияти юксак инсонлардир. Ўз яқинларидан эъзоз кўрган аёллар меҳрни бегона эркаклардан изламайди. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло аёлларга яхши муомала қилишларингизни тавсия этади, чунки улар оналарингиз, қизларингиз, холаларингиздир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Аллоҳнинг наздида бандаларнинг энг яхшиси ўз аҳли аёлига фойдаси кўпроқ тегадиган кишидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Динимизда ҳатто аёлларнинг махсус ҳақлари эр зиммасига юклатилган. Масалан, овқатлантириш, кийинтириш, юзига урмаслик, ҳақорат қилиб сўкмаслик, отасиникига юбориб туриш ва ҳоказо… Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ботилни ундан четланиш билан ўлдиринглар, ҳақни уни зикр қилиш билан тирилтиринглар”, деди.
“Ҳилятул авлиё”
* * *
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан дунё ҳақида сўралганида, у зот: “Дунё – уйқудаги тушлар ёки завол топувчи соя кабидир. Ақлли киши бу каби нарсаларга алданмайди”, деди.
Ибн Абу Дунё, “Зуҳд”
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws