Оилалар тотувлигида “Ҳидоят”нинг ўз ўрни бор
Мўмин-мусулмон юртдошларимизнинг илму маърифатини янада юксалтириш, халқимизга зиё улашиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, диний ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда “Ҳидоят” ойномасининг алоҳида ўрни бор. Журнал саҳифаларида оила муқаддаслиги, уни асраб-авайлаш ҳақида тез-тез мақолалар бериб борилиши эътиборга молик. Чунки бу ҳаётий мақолалар оилалар бирдамлигида асқатмоқда.
Биз имом-домлалар билан биргаликда низолашиб қолган ёш оилаларга панду насиҳатлар қилиб, уларни яраштиришга уринамиз. Гоҳида келин-куёвлар бизнинг гапимизга қулоқ тутмаслиги мумкин. Шунда уларга “Ҳидоят”ни тутқазиб: “Мана бу мақолани ўқиб чиқинглар. Кейин сизлар билан гаплашамиз”, демимиз. Эртасига улар журнал билан танишиб чиққанини, хато иш қилганини англаб етиб, ярашиб кетадилар.
Маҳалламизда намунали оилалар талайгина. Улар низоли оилалар билан давра суҳбатлари ўтказиб, муқаддас гўшани сақлаб қолишга ҳисса қўшишмоқда. Охирги олти ой ичида маҳалламизда тўртта оилада ажрим бўлди. Сабаби, рўзғордаги майда-чуйда гаплар, келишмовчиликлар. Энг асосийси, икки томон ҳам оила масъулиятини ҳис қилмайди. Фақат ўзини ўйлаб иш тутади. Эр-хотин, фарзанд олдидаги бурчларини тушуниб ҳам етмайди.
Шуниси аниқки, динимиз арконларини яхши билган инсон асло оиланинг бузилишига йўл қўймайди. Эр ўзига юкланган вазифаларни одилона бажаради. Аёл ҳам эрига итоат этиб, фарзанд тарбиясида оқила, ўзи саранжом-саришта, ширинсўз бўлади.
Динимиз мусулмонларнинг ҳаётда тинч-тотув, фаровон яшаши учун кўплаб йўл-йўриқларни ўргатади. Бунга астойдил ихлос билан амал қилганлар икки дунё саодатига етадилар, иншоаллоҳ.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганидир. Мен ичингизда аҳлига энг кўп яхшилик қилувчингизман”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Яна бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўмин киши Аллоҳ таолога тақво қилгандан кейин солиҳа аёлдан кўра яхшироқ фойда топмайди. Ўз амрига итоат қилади, эрига чиройли муомала қилади, эр қасам ичса, аёли эр қасамига мувофиқ иш тутади, эри уйда бўлмаса, ўз номусини ва эр молини сақлайди”.
Аллоҳ барчамизни ана шу ҳадисларга амал қилиб яшамоқликни насиб айласин.
Абдужаббор НАБИЕВ,
Учқўрғон тумани, меҳнат фахрийси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws