Миср ОАВ: Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг глобал маркази
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро медиафорум якунлари ҳамда Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясининг глобал маркази сифатидаги ўрнига бағишланган мақолалар эълон қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Жумладан, «Al Montasaf» нашри форумда дунёнинг 40 та давлатидан 200 дан ортиқ журналист ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этганига алоҳида эътибор қаратган. Таъкидланганидек, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий маскан сифатидаги халқаро нуфузини яна бир бор намоён этди.
«Eldameer» нашри эса Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига алоҳида урғу берган. Мақолада марказ қадимий қўлёзмаларни ўрганиш ва нашр этиш борасида нашриётларга амалий ёрдам кўрсатаётгани қайд этилган. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаларидан бири – Усмон Мусҳафи ҳам ушбу маданий мероснинг муҳим намуналаридан бири сифатида тилга олинган.
Нашрларда мамлакатда кузатилаётган кенг кўламли маданий ва маърифий юксалиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу соҳага қаратаётган юксак эътибори ва қўллаб-қувватлаши самараси экани таъкидланган.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати