Маърифат тарқатганлар тақдирланди
“Обуна 2027”
Халқимизнинг севимли нашрлари, узоқ йиллардан бери мўмин ва мўминаларнинг диний маърифий эҳтиёжини қондиришга самарали хизмат қилиб келаётган – “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2027 йил учун обуна даври бошланди.
Ҳар биримиз муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қиламиз. Билмаганларимизни эса ушбу нашрларимизда эълон қилинган материалларни ўқиб ўрганамиз.
Мазкур нашрларда мунтазам чоп этиб борилаётган “Тафсир”, “Ҳадис шарҳи”, “Ақида”, “Фиқҳ”, “Саҳобалар ҳаёти”, “Сўраган эдингиз”, “Мутолаа”, “Ислом одоби”, “Мерос”, “Муборак қадамжолар”, “Кўнгил кенгликларида” каби ўнлаб рукнлардаги мақолалар ўқувчилар оммаси томонида ижобий таассурот қолдиряпти.
Яқинда Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйи раҳбар ходимлари: нашриёт директорининг ижодий ишлар бўйича ўринбосари Х.Атабаев, нашриёт бош муҳаррири А.Хўжам, Даврий нашрлар бўлими бошлиғи И.Иномовлар иштирокида йиғилишлар ўтказилди.
Кўтаринки руҳда ўтган учрашувларда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2027 йил учун обуна мавсумини уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтказиш, ҳар бир хонадонга зиё ва маърифат кириб боришини таъминлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбирлар сўнгида нашрларнинг 2026 йилги обунасида жонбозлик кўрсатган масжидлар ҳамда туманлар бош имом-хатиблари “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйининг совғалари билан тақдирланди.



