Кўкрак бези саратони: ортиб бораётган хавф
Кўкрак бези саратони. Бугун кўплаб аёллар шу дард билан курашмоқда. Ногирон бўлиб қолганлар ва яна бошқа ёндош хасталикларни орттириб олаётганлар кўп. Шифокорларнинг фикрича, кўкрак бези саратони аёллар орасида энг кўп тарқалган ва тобора ортиб бораётган хасталиклардан биридир. Бу ҳақда мутахассис билан суҳбатлашиш давомида, яна бир бор аёл ўзини қадрламаса ва энг муҳими, саломатлигига бефарқ бўлса, бу каби тузалмас касалликларга чалинишига амин бўлдик. Афсуски, қизларимиз, опа-сингилларимиз бетоб бўлса “иситмаси ошкора қилмагунча” оёқда ўтказишади. Бу масалага жиддий ёндашиш, муштарийларга кенгроқ маълумот бериш мақсадида тиббиёт фанлари доктори, олий тоифали маммолог жарроҳ Дилобар Мираҳимова билан суҳбатлашдик.
Дунё миқёсида аёллар энг кўп чалинаётган онкологик касаллик кўкрак бези саратони бўлса, иккинчи ўринни бачадон бўйни раки эгаллайди. Йилдан-йилга рақамлар ортиб, касаллик “ёшариб” боряпти. Авваллари 50–60 ёшдаги аёлларда аниқланган, ҳозир 25–30 ёшлилар ҳам мурожаат қилишмоқда.
Маълумотларга кўра, бутун дунёда ҳар ўн нафар аёлдан бирида кўкрак бези саратони кузатилади ва шулардан эллик фоизидан ортиғи вафот этади.
Аёлда тўрт босқичда кечувчи хасталикни эрта аниқлаш шифо топиш эҳтимолини оширади. Афсуски, бугунги кундаги беморларнинг асосий қисми сўнгги босқичларга ўтиб бўлган. Юртимизда айнан бу касалликнинг кўпайиб бораётгани ва уни эрта босқичда аниқлаш мақсадида 40 ёшдан ошган аёллар учун махсус дастур йўлга қўйилган.
Аёл-қизларимиз орасидаги нотўғри қарашлар, саломатлигига эътиборсизлик, яқинларининг ҳам лоқайдлиги сабаб беморлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Қабулимга келган беморлар орасида шу хасталикка чалинганлар ёки текширувдан ўтишни истаганлар бўлади. Афсуски, касаллик аниқланиб, даволанишни ёзиб, қайта кўрикни айтсак-да, бажармай, тўрт-беш йилдан сўнг оғир ҳолатида қайтганига гувоҳ бўляпмиз. Сабаби, кўпчилик аёллар кўкрак бези саратони сабабини, қандай юзага келиши ва унинг олдини олиш ҳақида маълумотга эга эмас.
Кўкрак бези саратонига биргина омил сабаб бўлмайди. Кичик жароҳатлардан то руҳий бузилишлар ҳам тўсатдан саратонни юзага келтириши мумкин. Хусусан, аёл-қизларнинг она тарафидан қариндошларида бу хасталик бўлса, албатта, генетикларга мурожаат қилиб, хасталикка чалиниш эҳтимолини аниқлаш керак. Наслида шундай касаллик бор аёлларда мойиллик юқори бўлади. Шунингдек, кўкракдаги мастопатия, мастит каби касалликлар ўз вақтида даволанмаса, саратонга олиб келади. Агар аёлнинг таносил аъзоларида сурункали шамоллаш, миома каби касалликлар ривожланса ҳам, кўкрак безига салбий таъсир қилади. Шунингдек, кўкрак билан йиқилганда, зарба олганида пайдо бўладиган тугунлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Афсуски, беморларимнинг кўпчилиги асабийликлар (стресс) сабаб шу хасталикни орттириб олишяпти.
Беморлардан қачон ўзингиздаги ўзгаришни сездингиз, деб сўраймиз. Бири: “Фарзандим оламдан ўтгандан кейин 7 ой ўтиб кўкрагимда без пайдо бўлди” деса, бошқаси: “Уйим ёниб кетди, мол-мулкимдан айрилдим, деб ваҳимага тушганимдан кейин, 4 ой ўтиб билдим”, дейди.
Гарчи бу хасталикни эрта аниқлаш қийин, маммографик текширув талаб этадиган жараён бўлса-да, уй шароитида ҳам ҳар ой ўзини текшириб, қуйидаги ўзгаришлар кузатилганда шифокорга мурожаат этишлари зарур.
Ҳайз кўрган аёл ҳайзи тугаганидан кейин ойда бир маротаба, ҳайздан қолганлар эса ойнинг исталган куни ўзини текширади. Бунинг учун аёл белидан юқори кийимларини ечиб, ойнанинг олдига туради. Кўкракларининг ҳажми ўзгармаганми, тенглиги, терида буришишлар йўқми, сўрғичи ичига кириб қолмаганми, текширади. Шундан сўнг кафт ва бармоқлари учи билан аввал бир кўкрагини, кейин иккинчисини соат миллари йўналишида пайпаслайди, агар тугун, шишлар, қаттиқлик, оғриқ бўлса, шифокорга мурожаат қилади. Шунингдек, қўлтиқ остида ҳам қаттиқлик, тугун ёки оғриқ бўлса, мутахассисга учрагани маъқул. Шундан сўнг ультратовуш, маммографик текширув орқали ўзгариш ҳолати аниқланади.
Соғлом аёл ўзида бу хасталик бор ёки йўқлигини аниқлаши учун аниқ ва тўғри вақт – ҳайз даврининг бешинчи кунидан ўн иккинчи кунигача ультратовуш текширувидан ўтиши керак.
Азиз аёллар! Келин фарзандли бўлса, бешик тўй, дабдабалар ташвишида юрасиз. Чиллали келин эса гўдакни эмизишни билмайди. Уни эҳтиёт қилишимиз, тўғри эмизишни ўргатишимиз, она-болани парваришлашимиз лозим. Акс ҳолда, оқибати салбий бўлиши мумкин.
К.АДАШБОЕВА суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
Таҳририятдан: Инсон барча ютуқларга соғлом пайтида эришади. Хотиржам вақтини хайрли ишларга сарфлаганлар эса олий саодатга етишади. Соғлик ва хотиржам вақтнинг қадрини билмоқ лозим. Бу иккиси Аллоҳнинг шундай буюк неъматики, ҳар соҳада ҳаётий аҳамиятга эга. Улар барча неъматларни умумлаштиради. Набий алайҳиссалом айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. У сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”.
Ҳар бир одам соғлигини эҳтиёт қилиши, бадан илмини ўрганмоғи керак. Буни ўргатадиган икки илм бор. Бири баданга оид, иккинчиси эса динга оид илм. Баданга оид илм илмларнинг бошланиши, яъни сиҳат илмидир.
Азиз муштарийлар, бу хасталикка чалиниб Дилобар опага мурожаат қилган аёллар орасида бир келинчакнинг тақдири бизни ҳайратга солди. 17 ёшида кўкрагида шиш бўлган қизнинг онаси бунга эътиборсизлик қилиб, “Турмушга чиқиб фарзандли бўлсанг, уни эмизганингдан сўнг сўрилиб кетади”, деган. Уч фарзандли бўлгандан кейин ўша қиз 27 ёшида шу хасталикдан вафот этди. Келгуси суҳбатимиз ана шундай қарашларнинг моҳияти, тақдирларнинг ҳикояси ҳақида бўлади. Қиз ўстираётган оналар, келинини аямай, набираларини етим бўлишига сабаб бўлаётган қайноналар ҳақидаги аччиқ ҳақиқатлар хусусида сўз юритамиз. Саломатлигингизнинг қадрига етинг.