Зотан, бу ҳам амри маъруфдир
“Обуна 2027”
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйи директори ўринбосари Х.Атабоев, бош муҳаррири А. Хўжам ва Даврий нашрлар бўлими мудири И.Иномовлар бугун Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлиб туришибди. Улар айни чоқда туманлар ва шаҳарлар бош имом-хатиблари билан учрашувлар ўтказмоқдалар.

Йиғилишларда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2027 йил учун обуна мавсумини ҳар йилдагидек уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтказиш, ҳар бир хонадонга зиё ва маърифат кириб боришига ҳисса қўшиш зарурлиги алоҳида қайд этилмоқда.
“Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси йилдан-йилга мазмун-мундарижаси бойиб бўлиб бораётганини эътироф этган имом-хатиблар 2027 йил обунаси юзасидан жума мавъизаларида, тўй ва маросимларда даврий нашрларимиз тарғиботни кучайтиришини айтдилар. Зотан, бу ҳам амри маъруф ва наҳйи мункардир.
Тадбирлар ниҳоясида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг 2026 йилги обунасида жонбозлик кўрсатган масжидлар ҳамда туманлар бош имом-хатиблари “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи совғалари билан тақдирланди.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ матбуот хизмати


