Ниятнинг аҳамияти
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлур. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати унга эришадиган дунё ёки уйланадиган бир аёл бўлса, бас, унинг ҳижрати ҳижрат қилганигадир”, деганларини эшитганман» (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг умумий маъноси бундай: “Амалларга ниятларга кўра савоб берилади”.
Демак, одам яхши амалига ҳам ундан Аллоҳнинг розилигини ният қилсагина савоб олади. Ҳадисдаги “амаллар” сўзида шариат буюрган амаллар кўзланган. Ҳижратнинг мисол келтирилиши шуни англатади. Шариатда буюрилмаган амалларга эса, ҳар қанча яхши ниятда қилинмасин, савоб берилмайди.
Ҳадиснинг бош мақсади яхши амалларни Аллоҳ учун холис қилиш, уларни риё, сумъа қоришмаларидан ва дунёвий ғаразлардан поклашдир. Имом Ғаззолий айтади: «Билки, илм агар Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис бўлмаса, балки унга риё ёки нафснинг улушлари каби қоришмалар аралашса, олимлар бу илмга савоб берилиши ёки у жазога лойиқ бўлиши ёхуд у ҳеч нарсани тақозо этмаслиги борасида ихтилоф қилишган.
Аммо кимки, илм олишдан риёни кўзлаган бўлса, бу унинг зарарига, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлиши қатъий гапдир. Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис олинган илмга эса савоб берилиши аниқдир. Риё ёки сумъа қоришган ният борасида ихтилоф бор. Хабарларнинг зоҳири унга савоб йўқлигини билдиради. Лекин хабарларнинг ўзларида ҳам бир-бирига зидлик йўқ эмас. Фикримча, бу борада, яна Аллоҳ билувчи – илм олишга боис-истакнинг кучи миқдорига қараш керак. Агар диний боис-истак дунёвий боис-истакка тенг бўлса, улар ўзаро курашади-да, иккиси ҳам қулайди: натижада бу амал ўз эгасига на фойда, на зарар бўлади. Агар риё истаги кучли ва ғолиб бўлса, у фойдали бўлмайди, зарарли ва жазога олиб борувчи бўлади. Тўғри, бунда жазо буткул риё учундир ва у Аллоҳга яқинлашиш нияти-қоришмаси бўлмаган амалнинг жазосидан енгилроқ бўлади. Агар Аллоҳга яқинлик истаги нариги истакдан ғолиб ва ортиқ бўлса, унга шу диний истак кучининг ортиқчалик миқдорича савоб бўлади. Бу (мезон) Аллоҳ таолонинг: “Бас, кимки зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала сураси, 7-8-оятлар) ва “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур”, (Нисо сураси, 40) оятлардаги сўзига мувофиқдир. Шундай экан, унинг яхшилик мақсади зое қилинмаслиги, балки у риё мақсадидан кўпроқ бўлса, майли, унинг риё миқдорича бўлгани бекор бўлса-да, ундан ортиб қолган қисми(га савоб) бўлади. Агар яхшилик нияти кам бўлса, у энди мазкур бузуқ мақсаднинг жазоси сабаб ўлароқ, бекор бўлади, чиппакка чиқади.
“Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлур”. Ният қилинган амални аниқ тайин қилиш шарт. Агар бир инсоннинг қазо намози бўлса, уни ўқишда “қазо намоз” деб ният қилишининг ўзи кифоя қилмайди. Балки пешин ёки бошқа намоз эканини аниқ ният қилиши лозим.
Имом Самъоний айтади: “Ҳадисдаги биринчи ибора – “Амаллар ниятларга кўрадир” – тоат-ибодатларга савоб олиш учун ихлос шартлигини билдиради. Иккинчиси ибодатдан ташқари амалларда қурбатни ният қилмаса, савоб бўлмаслигини англатади. Масалан, таом ейишдан тоатга қувват олишни ният қил(са, савоб олиш, ундай ният қилмаса, савобсиз қол)ишга ўхшайди”.
“Ёки уйланадиган бир аёл бўлса”. Аллома Ибн Дақиқ Ийд бундай деган: «Ҳадисда “аёл” деб алоҳида хосланишининг сабаби шуки, ҳадис Умму Қайс деган аёлнинг ишқида ҳижрат қилган киши қиссаси ҳақида айтилган. Бу қиссани Саид ибн Мансур Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилган: “Ким нима истакда ҳижрат қилса, унга шу бўлур. Бир киши Умму Қайс деган аёлга уйланиш учун ҳижрат қилган эди. Натижада у “Умму Қайснинг муҳожири”, деган ном олди». “…Бас, унинг ҳижрати ҳижрат қилганигадир”. Бу иборани ифодаси ниятнинг ҳар қандай турини қамраб, ҳар қандай ҳижратнинг ҳукми ҳам ниятга кўра бўлиши, бирор аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилиш у одамни жазога гирифтор этмаслиги, балки (бу ниятда ҳижрат қилиш мубоҳ-ихтиёрий бўлсада, лекин) ажр-савобдан қуруқ қолдиришини билдиради. Агар ниятда қурбат қоришмаси ва дунёвий мақсад аралаш бўлса, юқорида айтилганидек, унда кучли боис-истак эътиборга олинади.
Баҳодиржон АЪЗАМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws