Нуроний отахоннинг тадбири
Ўн олти йиллик оила. Уларнинг уч нафар фарзанди бор. Эр-хотин турмуш қурганидан то шу кунгача ота-онасининг ҳурмати учун бирга яшади. Ота оламдан ўтгач, оилада можаролар ортди. Она ҳам вафот этди. Биз маҳалла оқсоқоллари ота-она ўтди, энди буларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгарса керак деган фикрда эдик. Лекин ундай бўлмади. Аксинча, улар ажрашиш мақсадида маҳалла идорасига мурожаат қилишди. Махсус ҳайъат мазкур оила масаласини маҳалла Нуронийлар кенгаши раиси, тажрибали отахонга топширди.
Отахон зимдан суриштириб, эрининг тез-тез дўхтирга қатнаётганини аниқлади. Қўнғироқ қилиб шифокор билан гаплашди… Сўнгра эр-хотинни қабулига чақириб, уларга аввало ўзаро бир-бирларининг зиммасидаги ҳақлари тўғрисида тушунча берди. Сўнгра: “Зарурат бўлса, чақирамиз”, деб аёлнинг ташқарига чиқиб туришини айтди. Эрига қараб: “Менимча, бир-икки ой умрингиз қолганга ўхшаяпти. Зарур ишларингизни қилиб олинг! Оила аъзоларингиз, фарзандларингиз ва бошқалардан рози-ризолик сўранг”, деди. Эр бироз чўчиб кетганини яширмади: “Нима қилсам, уларни рози қиламан?” деди. Нуроний унга зарур маслаҳатлар бериб, тўғри йўл кўрсатди ва: “Аввало, одамларга фақат яхши гапиринг…” деди.
Эр шундан сўнг барчага мулойим, айниқса, фарзандлари ва аёлига жуда меҳрибон бўла бошлади. Чунки ўлим тўсатдан келиб қолиши мумкин-да! Аёли ҳам ҳайрон: эрининг жаҳли ҳам чиқмаяпти. Унинг ҳам эрига муҳаббати ортиб, ҳаёти яхшиланиб бораверди.
Айтилган кун етиб келди. Лекин эр вафот этмади. Шундай қилиб, орадан бир йил ўтди. Бир куни улар отахон ҳузурига боришга қарор қилишди. Келиб: “Сиз менга бир-икки ой умринг қолибди, деган эдингиз. Лекин мен ҳамон яшаяпман…” деди. Нуроний отахон: “Ҳа, фарзандларим, ўлим ҳақ. Ҳар банда вақти-соати етганида ўлади. Мен сизларга ҳаётларингиз чиройли бўлиши учун шундай тадбир қўллаб кўрдим”, деб дуога қўл очди: “Ё Аллоҳ, бу оиланинг ҳаётини гўзал қил! Муросасиз оилаларга уларни ўрнак эт. Жамиятимиз тинч, фаровон бўлсин…”
Абдужаббор НАБИЕВ,
Учқўрғон тумани, меҳнат фахрийси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws