Бу аёлни Расулуллоҳ ﷺнега унутмадилар?
СУВАЙБА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратлари ҳақида сўз юритар эканмиз, нафақат у зотнинг ҳаётларидаги воқеаларни эслаймиз, балки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш шарафи билан улуғлаган буюк инсонларни ҳам ёдга оламиз. Зеро, уларнинг номлари инсониятга маълум бўлган энг покиза ва шарафли сийрат – Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан боғлиқ ҳолда тарих зарварақларида абадий қолган.
Ана шундай буюк зотлардан бири Сувайба розияллоҳу анҳодир.
Сувайба розияллоҳу анҳо Абу Лаҳабнинг озод қилинган чўриси (жорияси) бўлиб, унинг номи Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидаги муборак бир босқич — эмизиклик даври билан чамбарчас боғлиқ.
Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларида, Сувайба розияллоҳу анҳо бу хушхабарни Абу Лаҳабга етказади. Жияни Муҳаммаднинг туғилганидан хурсанд бўлган Абу Лаҳаб бу хушхабардан мамнун бўлиб, Сувайбани озод қилади.
Бу қандай буюк хушхабар эди! Зеро, бу — Аллоҳ таоло оламларга раҳмат, инсониятга ҳидоятчи ва зулматларни ёритувчи нур қилиб юборган Пайғамбарнинг дунёга келгани ҳақидаги хушхабар эди.
Имом Бухорийдан ривоят қилинади. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Абу Лаҳабнинг оиласидан кишилардан бири уни тушида кўрди ва ундан: “Вафотингдан кейин аҳволинг қандай бўлди?” деб сўради.
Абу Лаҳаб: “Вафот этганимдан кейин битта яхшиликка учрадим холос. У ҳам бўлса Сувайбани озод қилганим учун дўзахда менга чанқоғимни қолдириш учун сув берилди”, деб жавоб берди.
Айрим сийрат уламолари бу енгиллик ҳар душанба куни содир бўлишини ҳам зикр қилганлар. Чунки Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган кунлари душанба эди ва Абу Лаҳаб айнан у зотнинг туғилганлари ҳақидаги хушхабарни эшитиб, Сувайбани озод қилган эди.
Уламолар бу ривоятни Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ва у зотга тааллуқли неъматнинг буюклигини баён қилиш нуқтаи назаридан зикр қилганлар.
Ҳофиз Ибн Носируддин Димашқий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганлари ҳақидаги хушхабарни эшитиб, хурсанд бўлган мушрикка шундай мукофот берилган бўлса, Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан хурсанд бўлган мўминнинг ҳолини қандай тасаввур қилиш мумкин?”.
Сувайба розияллоҳу анҳо яна бир буюк шарафга эришганлар: у киши Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Омина бинт Ваҳб розияллоҳу анҳодан кейин эмизган биринчи аёл бўлганлар.
Шунингдек, Сувайба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуни ва Абу Салама розияллоҳу анҳуни ҳам эмизганлар. Шу сабабли улар Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга эмикдош ака-ука бўлганлар.
Сувайба розияллоҳу анҳонинг сийратларидаги энг гўзал жиҳатлардан яна бири шуки, Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг яхшилигини ҳеч қачон унутмаганлар. Балки у зот Сувайбага доимо ҳурмат ва меҳр-эътибор кўрсатиб келганлар.
Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам онамиз ҳазрати Хадижа розияллоҳу анҳога уйланганларидан кейин ҳам Сувайба розияллоҳу анҳони зиёрат қилиб турганлар. Хадича онамиз розияллоҳу анҳо ҳам Сувайбани ҳурмат қилганлар.
Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам Сувайба розияллоҳу анҳонинг хизматларини унутмаганлар. У кишига кийим-кечак ва бошқа совғалар юбориб турганлар. Бу эса Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликни унутмасликлари, инсоннинг қилган эзгулигини қадрлашлари ва унга муносиб равишда миннатдорлик билдиришларининг яна бир ёрқин намунасидир.
Сувайба розияллоҳу анҳо Хайбар фатҳидан кейин вафот этганлар.
Севимли Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларидан биз учун жуда катта сабоқ бор.
Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига қилинган яхшиликни ҳеч қачон унутмаганлар.
Сувайба розияллоҳу анҳо гўдаклик даврларида у зотга хизмат қилган эдилар. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам эса йиллар ўтиб, Мадинадаги пайғамбарлик ва давлат ишлари билан машғул бўлган даврларида ҳам бу яхшиликни ёдда тутдилар, у кишини ҳурмат қилдилар ва меҳр-эътибор кўрсатдилар.
Бу бизга муҳим бир ҳақиқатни ўргатади: Ким бизга яхшилик қилган бўлса, уни унутмайлик. Ота-онамиз, устозларимиз, яқинларимиз, бизга бир вақтлар ёрдам берган инсонларнинг ҳаққини адо этишга ҳаракат қилайлик.
Зеро, яхшиликни унутмаслик Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал суннатларидандир.
Даврон НУРМУҲАММАД