Қозон Уникал маҳорат марказида Россиянинг исломий меросига бағишланган кўргазма ташкил этилди
IQNA – Қозон шаҳридаги Уникал маҳорат маркази (ЦУМ)да «Россиянинг исломий мероси: халқлар ва анъаналар» номли кўргазма очилди. Унда мамлакатнинг Кавказдан тортиб Сибиргача бўлган турли ҳудудларида яшовчи мусулмон халқларининг тарихи ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.
IQNA сайти маълумотига кўра, Россия мусулмонлари диний бошқармаси (ДУМ РФ) ва Татаристон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида, Республика Миллий музейи иштирокида ташкил этилган мазкур кўргазма дастлаб Москва шаҳрида намойиш этилган.
Кўргазма лойиҳаси энди Татаристон пойтахтида ўз фаолиятини давом эттиради. У Россия халқ лари бирлиги йили муносабати билан, шунингдек, Қозон шаҳрига «2026 йилда Ислом оламининг маданий пойтахти» мақоми берилгани муносабати билан ташкил этилди.
Экспозиция ташриф буюрувчиларни Россия мусулмон халқларининг тарихий, маънавий, маданий ва ҳунармандчилик мероси билан таништиради. Намойишга қўйилган музей ашёлари миллий анъаналарнинг хилма-хиллиги, халқларнинг турмуш тарзи ва бадиий маданиятининг ўзига хос хусусиятларини очиб беради. Шунингдек, улар мусулмон халқларининг Россия давлатининг шаклланиши ва ривожланишига кўп асрлар давомида қўшган ҳиссасидан далолат беради.
Лентани рамзий тарзда кесиш маросимидан сўнг Россия мусулмонлари диний бошқармаси раисининг ўринбосари Ренат Абянов ва ДУМ РФ Маданият департаменти мутахассиси Хава Исаева меҳмонларни кўргазма экспозицияси билан таништирдилар.
Тадбирга мамлакатимиздаги турли республикалар миллий-маданий автономияларининг маданият марказларини намоён этувчи ижодий жамоалар ва санъаткорларнинг чиқишлари ҳам алоҳида файз бағишлади.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати.