Маккадаги Қуръони карим музейида исломий дизайн ва табиат гўзаллиги
IQNA – Макка шаҳридаги Ҳиро маданий ҳудудида жойлашган Қуръони Карим музейида исломий меъморчилик хусусиятлари гўзал табиат манзаралари билан уйғунлашган.
IQNA сайтининг SPA агентлигига таяниб хабар беришича, музейдаги ушбу уйғунлик анъанавий меъморий услубнинг ўзига хослиги ва табиатнинг сокинлигини бирлаштирган мувозанатли манзарани ҳосил қилади. Бу эса музей заллари бўйлаб ҳаракатланаётган ташриф буюрувчиларга ўзига хос гўзал муҳит ва хотиржамлик бағишлайди.
Музейнинг турли қисмларида ислом меъморчилиги руҳидан илҳомланган архитектура шакллари яққол кўзга ташланади. Хусусан, аркалар, гумбазсимон конструкциялар ва нафис эгри чизиқлар ер рангларидаги табиий фактуралар ҳамда сокин тусдаги юзалар билан уйғунлаштирилган. Дарахт ва турли ўсимликлар ҳам умумий композицияга сингдирилиб, меъморий ландшафтнинг тирик ва табиий қисмига айланган.
Қуръони карим музейи Ҳиро тоғининг этагида жойлашган Ҳиро маданий ҳудудининг энг муҳим маданий объектларидан бири ҳисобланади. У Маккадаги Қуръонга ихтисослашган биринчи музейдир.
Музейнинг асосий мақсади – ташриф буюрувчиларни Қуръони карим билан яқиндан таништириш, унинг буюклиги ва умуминсоний аҳамиятини ёритиш, мусулмонларнинг Қуръонга бўлган эътиборини ҳамда унинг мусулмонлар ҳаётига таъсирини намоён этиш ва Қуръоннинг турли қирраларини кенг ёритишдан иборат.
Музей экспозициясидан Қуръони каримнинг нодир қўлёзмалари, тарихий нусхалари ва ноёб артефактлар ўрин олган. Шунингдек, араб хаттотлиги ва ислом санъатининг эстетик гўзаллигини намоён этувчи рассомлик асарлари ҳамда турли санъат намуналари тақдим этилган.
И.Аҳмедов тайёрлади.