Жаннатдаги жамланиш жойи
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда жаннат аҳли тўпланадиган бир жамлоқ бор. Ҳар жума (жаннатийлар) у ерга борадилар. У ерда салқин шамол эсиб, уларнинг юзларию кийимларига мушк сочади ва уларнинг ҳусни жамоли янада зиёда бўлади. Кейин ҳусни ва жамоллари зиёда бўлган ҳолда (аҳллари олдига) қайтадилар. Аҳллари уларга: “Аллоҳга қасам, биздан кейин ҳусни жамолда янада зиёда бўлибсиз”, дейдилар. Улар ҳам аҳлларига: “Аллоҳга қасам, сизлар ҳам биздан кейин ҳусни жамолда зиёда бўлибсиз”, дейишади» (Имом Муслим ривояти).
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб, қуйидаги воқеани келтиради: «Бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Саид ибн Мусаййаб розияллоҳу анҳуга: “Сиз билан мени Аллоҳ жаннат жамлоғида жамлашини сўрайман”, деди. Саид розияллоҳу анҳу: “Жаннатда ҳам жамлоқ борми?” деб сўради. Буюк саҳоба: “Ҳа”, деди ва: “Фаришталар ўраб турган жамлоққа борасиз. Унда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, хаёлга келмаган нарсалар бор. Хоҳлаганимиз берилади, сотилмайди ҳам, сотиб олинмайди ҳам. Шу жамлоқда жаннат аҳллари бир-бирларига йўлиқадилар. Юқори манзил эгалари қуйирокдагилар билан учрашадилар”».
Бу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Ибн Можа ҳам ривоят қилган. Унда бундай дейилади: «Менга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердилар: “Жаннат аҳли жаннатга кирса, амалларига кўра манзил-даражаларини эгаллайди. Уларга дунёдаги жума куни миқдорича муҳлат берилади. Улар Аллоҳ таолони кўрадилар. Аллоҳ уларга Аршни ва жаннатнинг бир боғида жамолини кўрсатади. Улар учун нурдан, дурдан, ёқутдан, забаржаддан, олтин ва кумушдан бўлган минбарлар қўйилади”.
Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, Парвардигоримизни кўрамизми?” деб сўрадим. У зот: “Ҳа, ҳаво очиқ кунда қуёшни ва тўлин ойни кўришга бирор нарса сизларга тўсқинлик қиладими?” дедилар. “Йўқ”, дейишди. У зот: “Худди шундай Парвардигорингизни кўришда ҳам тўсиқ бўлмайди”, дедилар».
Парвардигор билан бандалар бир-бирларига шу тарзда хитоб қилиб турганларида бандалар устини булут қоплайди ва муаттар ёмғир ёғади. Унинг ҳиди бошқа бирор нарсада бўлмайди. Сўнг Парвардигор уларга: “Сизларга сахийлик билан тайёрлаб қўйган нарсаларимдан тўйинглар ва хоҳлаган нарсаларингни олинглар”, дейди. Кейин манзилларига қайтишади ва уларни жуфтлари кутиб олишади. Улар: “Хуш келдингиз, марҳабо, кетаётганингизда бошқача эдингиз, қайтганингизда жамолингиз ва бўйларингиздан яна зиёда бўлибди”, дейишади. Улар эса: “Бугун биз Парвардигоримиз билан ҳамсуҳбат бўлдик ва шу сабабли ҳам биз бундай кўринишда қайтишга ҳақлимиз”, дейдилар».
Жаннатда жамланиш жойлари бўлиши бошқа бир ҳадисда ҳам баён этилган. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда бир бозор бор, унда сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам йўқ. У ерда аёл-эркакларнинг сурат-қиёфалари бўлади. Ким бир сувратга киришни хоҳласа, ўша қиёфага киради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда жам бўлиш жойлари бор. Уларда сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам йўқ. Жаннат аҳли жаннат хурсандчилигига муяссар бўлгач, тупроқлари мушк бўлган майин дурлар устида ястанган ҳолда ўтирадилар. Улар жаннатларда бир-бирлари билан дунёда қандай бўлганлари, Аллоҳга қандай ибодат қилганлари, кечаларини қандай бедор ўтказганлари, кундузларни (рўза тутиб) қандай қоим қилганлари, дунёдаги фақирлик ва бойлик қандай экани, ўлим қандай кечгани ва шунча синовлардан кейин қандай жаннатга кирганларини эслаб ўтиришади”, дедилар.
Мухтасар айтганда, жаннатда йўқ нарса нинг ўзи йўқ. Аллоҳ таоло жан натий бан даларининг кўнглини кўтариш мақсадида уларга жаннатдан махсус жамланиш жойлари ҳам қилиши У Зотнинг раҳмати ва марҳамати чексиз эканидан далолатдир.
Қамаши тумани бош имом-хатиби Оқилхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
(Т.Низом уюштирди.)
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws