Ҳар бир иш – Аллоҳнинг қадари
«Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб ҳам кетмагайсиз. Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсани суймагай. Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиган кимсалардир. Ким (бахиллик қилиб эҳсон қилишдан) юз ўгирса, бас, албатта, Аллоҳнинг ўзи Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир» (Ҳадид сураси, 22–24-оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятларда дунёдаги барча ҳодисалар, ҳатто мусибатлар ҳам Ўзининг қазо ва қадари билан бўлишини хабар қилмоқда. Токи мўминлар учун мусибатни қабул қилиш енгилроқ кечсин.
«Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул Маҳфузда битилган) бўлур». Уларнинг барчаси қазо ва қадар ила содир бўлади.
Робиъ ибн Солиҳ айтади: «Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ қўлга олинган пайтда йиғладим. У: “Нега йиғлаяпсан?” деди. Мен: “Сизнинг ҳолатингизга ва кетаётган йўлингизга ачиниб йиғлаяпман” дедим. У: “Йиғлама. Чунки бу иш Аллоҳнинг илмида олдиндан бор эди. Аллоҳ таолонинг: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса…” оятини эшитмаганмидинг?” деди».
«Албатта, бу Аллоҳга осондир», яъни дунёда юз берадиган барча воқеа-ҳодисаларни аввалдан ипидан игнасигача ёзиб қўйишнинг Аллоҳ учун ҳеч қандай қийинчилиги йўқ. Саҳиҳ хабарларда: “Ким қадар борасидаги Аллоҳнинг сирини англаса, мусибатлар унга енгил туюлади”, дейилган.
Сеҳр, кўз тегиши ёки қотиллик каби ҳодисалар ҳам Аллоҳ таолонинг таъсири ва иродаси билан рўй беради. Чунки ҳақиқий таъсир қилувчи ва юзага чиқарувчи Зот – Аллоҳ таолодир. Инсонларнинг амали эса бир сабаб ва восита, холос. Ҳодисаларнинг инсонларга нисбат берилиши зоҳирий ҳукм учундир, ҳақиқий маънода эмас.
«Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб ҳам кетмагайсиз». Қўлдан кетган нарсага ҳасрат-надомат қилиш ё қўлга киритилган нарсадан ҳаволаниб кетиш ярамайди. Ҳадиси шарифда: “Сизлардан бирортангиз ўзига етган нарса уни четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва четлаб ўтган нарса эса унга етиши мумкин эмаслигини билмагунича иймоннинг ҳақиқий таъмини топа олмайди”, дейилган.
Икрима раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳар бир инсон ё ғам чекади, ё қувонади. Лекин қувончингизни шукрга, ғамингизни эса сабрга айлантиринглар”. Аслида қувонч, ғам ёки ғазаб каби ҳолатлар инсоний фитратдандир. Қайтариқ ғазабнинг бошланишига сабаб бўладиган ишларга ва унинг сабабларини қилишга, ёки қувонч ва ғамнинг ёмон оқибатларига қаратилган. Масалан, неъмат сабабли кибрга кетиш, унга ношукрлик қилиш, тақдирга норози бўлиш ва ваҳимага тушиш каби ҳолатлар ман этилади.
«Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсани суймагай». Яъни, ўзига берилган неъмат ва кенгчилик сабаб ўзини бошқалардан устун қўювчи, “ҳаммасига ўзим эришганман” дейдиган мутакаббир ва мақтанчоқлар адашган кимсалардир. Чунки улар ўзларига етган ҳар бир яхшиликни Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳаматидан эмас, балки ўзларининг уддабурон, ишбилармонликларидан деб билишади.
«Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиган кимсалардир». Кибрли ва мақтанчоқ кимсалар кўпинча бахил бўлишади. Чунки улар бошқаларнинг ўзларида ҳақи бор деб билишмайди. Бу эса ундаги Аллоҳнинг ҳақини адо этишга тўсқинлик қилади. Аксинча, бошқалардан ҳам молни ушлаб қолишни талаб қилишади ва инсонларга бахилликни чиройли қилиб кўрсатишади. «Ким (бахиллик қилиб эҳсон қилишдан) юз ўгирса, бас, албатта, Аллоҳнинг ўзи Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир». Ким инфоқ қилишдан, Аллоҳга итоат этишдан ҳамда Унинг тақдир ва қазоларига иймон келтиришдан юз ўгирса, Аллоҳ унинг ўзидан ҳам, инфоқидан ҳам беҳожатдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мутлақ беҳожат Зотдир. Бандаларига ризқ берувчи ҳам Унинг Ўзидир. У осмонлару Ерда Ўз зоти билан ҳамдга лойиқ Зотдир. У яратганларидан бирортасига муҳтож эмас. Банданинг Аллоҳга шукр қилишдан, Унинг неъматлари билан Унга яқин бўлишдан юз ўгириши Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказмайди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws