Мадина фақиҳлари устози
Мадинада саҳобалардан илм олиб, ўрганганларини кейинги авлодга етказган етти тобеин яшаб ўтган. Улар “етти фақиҳ” дея эътироф этилган. Ровийлар ўша фақиҳлардан бири Сулаймон ибн Ясор эканига ижмо қилишган.
Унинг тўлиқ исм-шарифи Сулаймон ибн Ясор Ҳузоийдир. У ҳазрат Усмон халифалиги даврида туғилган. Сулаймон мўминаларнинг онаси Маймуна бинти Ҳориснинг мавлоси бўлган. Онамиз уни мукотаба ақди (икки томонлама келишув)га кўра озод қилган.
Сулаймон Маймуна ва Оиша онамиздан ҳадис ривоят қилган. Бу ҳақда ўзи бундай ҳикоя қилади: «Бир куни Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига борсам, мени овозимдан таниб: “Сен Сулаймонмисан, зиммангдаги қарзингни уздингми?” деди. “Ҳа, озгинаси қолди”, дедим. “Майли, киравер, сен мамлуксан, зиммангда ҳеч нарса қолмабди”, деди».
Шундай қилиб, у Мадинада набавий хонадони тарбияланувчисига айланди. Сулаймон ибн Ясор кўп ҳадис ёдлаб, ривоятлари билан танилди. У Исҳоқ Сабиий, Яҳё ибн Яъмар, Абдуллоҳ ибн Ясор, Абу Зуҳо, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Ҳурайра, Маймуна бинти Ҳорис, Оиша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумдан ҳадис ривоят қилиб, аҳли байтнинг ривоят ва илм етказишда ишончли кишисига айланди.
Умар ибн Абдулазиз Мадинаи мунаввара атрофларида чўпонлик қилиб юрган кезлари Сулаймон ибн Ясор билан кўп ҳамсуҳбат бўлган. Кейинчалик у мусулмонларнинг бешинчи халифаси бўлиб танилди. Сулаймон ибн Ясор устозлигида Мадинада кўплаб фақиҳлар етишиб чиқди. Умар ибн Абдулазиз уларни мусулмон диёрларига фиқҳ илми ва шариатдан таълим бериш учун юборди.
Улуғ фақиҳ билан боғлиқ ибратли бир воқеа кўп ривоят қилинади. Ҳаж мавсумида Сулаймон ибн Ясор чодирида тоат-ибодат билан машғул эди. Бир куни ҳамроҳини бозорга егулик олиб келиш учун юборади. Шунда бир аёл Сулаймон ибн Ясорнинг ёлғиз қолганини билиб, чодирига киради ва унга яқинлашиб: “Менинг ҳожатимни раво қилинг”, деди. Сулаймон: “Бу аёл овқат сўраяпти, шекилли”, деб, унга хайр-садақа узатмоқчи бўлади.
Шунда аёл: “Мен буни хоҳламаяпман. Балки нафсимни қондиришингни истайман”, деди. Хотин унга яқин боргани сайин Сулаймон орқага чекиниб, йиғлай бошлади. Унинг бу ҳолга тушганини кўрган хотин қўрқиб қочиб кетди. Шу ҳолда Сулаймон анча ўтириб қолди.
Ҳамроҳи бу ҳолни кўриб:
– Эй Сулаймон, нега йиғлаяпсиз? – дейди.
У:
– Яхшиликка, иншоаллоҳ, – дейди.
Ҳамроҳи:
– Эҳтимол болаларингиз ё аҳлингизни соғингандирсиз? – дейди.
– Йўқ.
– Нима бўлганини айтиб беринг, – деб қўймайди.
Сулаймон:
– Мен ўзим учун қайғурганимдан йиғладим, – деди ва нима бўлганини айтиб берди.
Шу кеча Сулаймон тушида Юсуф алайҳиссаломни кўради. Сулаймон унга: “Сиз Юсуфмисиз?” дейди. “Ҳа, мен хоҳиш билдиришга оз қолган Юсуфман, сен – ҳеч хоҳиш билдирмаган Сулаймонмисан?” дейди. Сулаймон бу тушидан мамнун ҳолда уйғониб кетади.
Сулаймон ибн Ясор Али розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Куфа шаҳрига бориб жойлашади. 93 ёшида вафот этади.
Алижон МАТЁҚУБОВ,
Хива шаҳар “Саид Ниёз Шоликор” жоме масжиди имом-хатиби
(Б.Эралиев уюштирди.)
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws