“Ўзини эмас, гуноҳини ёмон кўраман…”
Бугун ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, баъзан мусулмонларнинг бир-бирига муносабатидан қалбингиз оғрийди. Арзимас хатолар сабаб бир-бирига қора чаплаётган, обрўсини тўкаётган, сирини ошкор қилаётган, кимнингдир устидан кимгадир ёки қаергадир арз қилган ва ҳоказо мусулмончиликка мутлақо зид иллатлар кўпайган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Мўминлар ўзаро муҳаббат, меҳр-шафқат ва ҳамдардликда худди бир тан кабидир. Унинг бир аъзоси оғриса, бошқа аъзолар ҳам уйқусизлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳақиқатан ҳам, боши ёрилган одамнинг боши эмас, кўзи ёш тўкади. Юзга йўналган муштга қўл қалқон бўлади. Кўзга сочилган қумдан киприк асрайди. Мўмин ҳам мўмин биродарининг дардига бефарқ бўлмайди. Уни асраб-авайлайди, оғир кунида ёнида туради, хатосини фош қилишга эмас, тузалишига ёрдам беришга интилади.
Кунларнинг бирида Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқ кўчаларида айланиб юрар экан, бир тўда одамнинг кимнидир ўраб олганини кўрди. Яқинлашиб қараса, бир жиноятчини ҳар томондан уриб, ҳақорат қилишарди.
– Нима гап? – деб сўради у зот.
Оломон ҳалиги одамнинг қилган гуноҳини айтиб, уни калтаклашда давом этди. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу деди:
– Агар шу одам қудуққа тушиб кетса, уни чиқариб олармидингиз ёки устидан сув қуйиб, чўктириб юборармидингиз?
– Албатта, чиқариб олардик, – деди одамлар. – Нега бундай деяпсиз?
Абу Дардо розияллоҳу анҳу деди:
– Ундай бўлса, уни уриш ва ҳақоратлашни бас қилинглар. Унга насиҳат қилинглар, хатосини англашига ёрдам беринглар. Сизни унинг ўрнига тушириб қўймаган Аллоҳга ҳамд айтинглар.
Одамлар ҳайрат билан: “Эй Абу Дардо, сиз бу одамни ёмон кўрмайсизми?” дейишди. Шунда у зот: “Мен унинг ўзини эмас, қилган гуноҳини ёмон кўраман. Агар тавба қилса, у менинг биродаримдир”, деди.
Бу сўзлар ўша ерда турган барча учун катта сабоқ бўлди. Энг муҳими, бу насиҳатдан биринчи бўлиб ҳалиги айбдор инсон таъсирланди. У қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини билдириб, дарҳол тавба қилди.
Азизлар, инсонни тўғри йўлга солишнинг энг таъсирли йўли – уни камситиш ёки ҳақорат қилиш эмас. Айбдорни ерга уриш, шаънини тўкиш ҳеч қачон қалбни ислоҳ қилмайди. Аксинча, меҳр, ҳикмат ва самимий насиҳат кўплаб қалбларни ўзгартира олади.
Бугун орамизда энг кўп етишмаётган нарса – бир-бирини тушунишдир. Чунки мусулмоннинг вазифаси одамни гуноҳи билан бирга ботқоққа итариш эмас, балки қўлидан тутиб, эзгулик томон бошлашдир. Унутмайлик: ҳар бир инсон – хатокор. Бугун биров қоқилса, эртага биз ҳам синовга дуч келишимиз мумкин. Шунинг учун мўминнинг қалбида кибр эмас, раҳмшафқат; нафрат эмас, ҳидоятга муҳаббат устун бўлиши керак. Қачонки биз бир тану бир жон бўлсак, яқинларимизнинг дардига шерик бўлсак, хатоларни биргаликда тузатиш ҳақида қайғурсак, қалбларимизда меҳр-оқибат ва бирдамлик янада мустаҳкамланади, хайру барака зиёда бўлади.
Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Сардоба тумани “Янги қишлоқ” масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws