Ота-онанинг нафақаси кимнинг зиммасида?
Муҳтож ота-онани нафақа билан таъминлаш балоғат ёшига етган бойликка эга ўғил ва қизга бирдек вожибдир. Динимизда икки тоифа кишилар бой саналади:
– закот нисобига етган ўсувчи моли бор ва ўсувчи бўлмаса ҳам ҳожатидан ортган моли нисоб миқдорига етган…
Биринчи тоифадаги кишиларга закотни, фитр садақасини бериш, қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Иккинчи тоифа бойларга закот фарз бўлмайди. Аммо қурбонлик қилиш, фитр садақасини бериш вожиб бўлади.
– Нисобга етган моли йўқ киши фақир саналади. Унга закот, қурбонлик, фитр садақаси вожиб бўлмайди. Унга хотини ва болаларидан бошқа кишиларни нафақа билан таъминлаш вожиб эмас. Аммо отаси ё онаси сурункали бемор бўлса, уларни таъминлаши вожибдир.
Оилада ёлғиз фарзанд қиз бўлса, гарчи у турмушга чиққан бўлса ҳам, муҳтож ота-онасини нафақа билан таъминлаши вожибдир. Эрининг бунга қаршилик қилиши жоиз эмас.
Она сурункали касал киши каби ҳисобланади. Унинг нафақаси касб қилишга қодир бўлган фарзандларига вожибдир.
Агар қизнинг отаси касал бўлиб ётиб қолса, албатта, битта эркак ёрдамчи чақириб қараттириши керак. Эркак қариндошлар ҳам қараши ва бу масъулиятдан қочмаслиги зарур. Акс ҳолда, барчаси гуноҳкор бўладилар.
Муҳтож кишининг нафақаси ушбу тартибда фарзандларига ва яқин қариндошларига вожиб бўлади: ўғил ва қиз; ўғил ва қизнинг фарзандлари; ака-ука: ака-уканинг фарзандлари; амаки; тоға; амакининг ўғиллари; опа-сингил; опа-сингилнинг фарзандлари.
Динимизда яқинлар зиммасига муҳтож қариндошларининг нафақаси шу тартибда юкланган. Шунинг учун Исломда, мусулмонлар орасида болаларни “Меҳрибонлик уйи”га, ота-онани “Қариялар уйи”га жойлаштириш деган тушунча йўқ ва бунга йўл қўйилмайди.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Сурайё ИБРАГИМОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws