Шуҳрат либосидан сақланайлик…
Аллоҳ таоло оламдаги ҳамма нарсани ўз зидди билан яратган. Мисол учун, катта-кичик, баланд-паст, кеча-кундуз, иссиқ-совуқ, яхши-ёмон, узунқисқа ва ҳоказо.
Ранглар борасида гап кетганда эса “оқ ва қора” атамаларини энг кўп ишлатамиз. Сабаби, уларнинг маънолари бир-бирига зид бўлиб, оқ ранг тушунчаси ҳаётимизда кўпгина ижобий ҳолатларда, борлиқ ва мавжудотнинг ёрқин тасвирларида қўлланади. Масалан: оқ йўл, оппоқ орзулар, оқ кўйлак, оқ уй, оқ рўмол…
Қора ранг жуда кўп ҳолатларда инсон ҳаётидаги салбий ҳодисалар, кўнгилсизликларнинг тасвири билан ёнмаён келади. Масалан: қора бахт (бахти қаро), қора қалб (кўнгли қора), қора ўтмиш, қора (қаро) юз, қаро тақдир, қора хат…. каби.
Бугунги кунда ўзбекона адрасу атлас, беқасамлар аёлларимизда ўз қадру қимматини топиб, уларнинг кўркига кўрк қўшиб келмоқда. Аммо баъзан кўнгилни хира қиладиган ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Шаҳримиз кўчаларида узун қоп-қора кийимда, қўлларига қора қўлқопу оғизларига қора ниқоб, кўзларига ҳам қора кўзойнак тақиб олган аёлларни учратамиз. Булар сиз ва биз ўйлагандек чет эл фуқаролари эмас…
Маҳалламизда “бурқа кийдим” дея қора либосга бурканиб олган бир қизнинг хонадонида бўлиб, у билан суҳбатлашдик. Афсуски, оила аҳли бизни унчалик хушламай қабул қилди. Биз уларга яхши ниятдалигимизни, бу суҳбат улар учун манфаатли бўлишини тушунтирдик. Қора либос тўғрисида гап бошлашимиз билан ёш қиз “Ўзим хоҳлагандек кийинаман, ҳеч кимнинг мени қайтаришга ҳақи йўқ”, дея гапира кетди. Биз унга бу ҳолатда кўчаларда юриши яхши эмаслиги, бу кийимлар ҳеч нарсани англатмаслиги, аксинча ҳамманинг эътиборини тортиши, одамлар унга қизиқиб, ҳайрат билан, ҳатто истеҳзоли қарашини тушунтирдик. Уринишларимиз зое кетмади, икки-уч бор суҳбатдан кейин қиз оддий, ўзбекона кийина бошлади.
Ўзбекона либослар миллатнинг кўрки, қолаверса, боболаримиз, момоларимиз бизга қолдириб кетган бебаҳо мероснинг бир бўлаги. Динимиз буюрганидай, жамиятга мос кийинишимиз мумкин. Ҳозирда кўплаб аёл-қизларимиз ана шундай кўзни қувнатадиган, эътиборни тортмайдиган, ўзига ярашган либосларни кийиб олишган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унга хорлик либосини кийдиради”, дейдилар.
Имом Сарахсийнинг “Мабсут” китобида: “Бу ҳадисда “шуҳрат либоси”дан мурод, одамлар бармоқлари билан кўрсатадиган даражада ҳаддан ташқари башанг ва чиройли кийиниш ёки ҳамманинг эътиборини тортадиган ҳолатдаги эски, абгор, кир нарсаларни кийишдир. Зеро, биринчиси исрофга бошласа, иккинчиси ўта хорликка далолат қилади. Ҳолбуки, ишларнинг энг яхшиси ўртача бўлганидир”, дея шарҳ берилган. Яна бир ҳадисда “Либосларнинг орасталиги кишининг олижаноблигидан нишонадир”, дейилган.
Шундай экан, олижаноб ўзбек халқидан авлодларимизга ораста, ўзбекона, чиройли либосларимиз билан ўрнак бўлайлик. Зеро, кийимларимизда бизнинг ахлоқимиз, тарбиямиз ҳамда миллатимиз руҳи акс этишини унутмайлик.
Дилором КАРИМОВА,
филология фанлари номзоди, доцент, Юнусобод тумани отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws