Исломни қабул қилган швед футболчиси Робин Квайсон ҳаж таассуротлари билан ўртоқлашди
Саудия Арабистонининг “Ал-Иттифоқ” клубида ўйнаган швециялик футболчи Робин Квайсон Саудия Арабистонида фаолият юритган даврида ҳаж сафарига боргани ҳақида сўзлаб берди.
У Исломни қабул қилганидан сўнг, Ислом ишлари вазирлигининг таклифига биноан ҳаж ибодатини адо этган. Бу ҳақда “Arab News” нашри хабар берди.
Швед футболчисининг айтишича, унинг Исломни қабул қилишига Саудия Арабистонида танишган мусулмонларнинг гўзал хулқ – атвори сабаб бўлган.
Квайсон ҳаж давомида унда энг катта таассурот қолдирган амаллар сифатида Арафот тоғидаги ибодат, Муздалифадаги тун ва Минода туришни алоҳида таъкидлади.
Футболчи Саудия Арабистонида ҳожиларга кўрсатилаётган хизматлар даражасини юқори баҳолаб, мамлакат ҳукумати томонидан зиёратчиларга ҳаж амалларини осонлик билан адо этишлари учун яратилаётган шароитларни эътироф этди.
Ўтган йили махсус таклиф асосида 2500 нафар зиёратчи Макка ва Мадина шаҳарларига ташриф буюрган. Уларнинг 1300 нафари ислом уламолари ва бошқа таниқли жамоат арбобларидан иборат бўлган.
32 ёшли Робин Квайсон фаолияти давомида Швециянинг “АИК”, Италиянинг “Палермо”, Германиянинг “Майнц 05”, Саудия Арабистонининг “Ал –Иттифоқ”ва Грециянинг “Арис” клубларида ўйнаган. Айни пайтда у Бирлашган Араб Амирликлари биринчи лигасида иштирок этувчи “Gulf United” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
Робин Квайсон Швецияда ҳам хайрия ишлари билан танилган. У Стокгольмдаги ижтимоий жиҳатдан оғир ҳудудлардан бири – Ервада ёшларни қўллаб – қувватлаб, уларни спорт билан шуғулланишга рағбатлантириб келади.
У болаликдан бирга улғайган дўстлари билан биргаликда “Quaison Foundation”хайрия жамғармасига асос солган.
И.Аҳмедов тайёрлади.