Сингапурдаги масжид кексаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига айланди
Сингапурлик 71 ёшли Рамла Расул беш йилдан буён ногиронлар аравачасига михланиб қолган, 78 ёшли бемор турмуш ўртоғининг ягона қарамоғидаги ва ёрдамчиси ҳисобланади.
Тизза косачалари силжиши билан боғлиқ муаммони бошидан кечирган, шунингдек, қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекувчи нафақахўр аёл турмуш ўртоғига қарашда тобора қийнала бошлади. Жуфтликка ёрдам берадиган яқин дўстлари ҳам йўқ эди, деб хабар беради The Straits Times.
Аёл руҳий жиҳатдан бутунлай ҳолдан тойган пайтда Ал – Муттақин масжидига бориб, ижтимоий ходимдан ёрдам сўради.
– Мен барча муаммоларимни уларга айтиб бердим ва мени тинглашди. Ҳозир ҳам зиммамда кўп вазифалар бор, аммо энди ёлғиз эмаслигимни биламан, — деди Рамла.
Масжидда кексаларга ёрдам кўрсатиш лойиҳаси ижтимоий ҳимоя хизмати, Lien хайрия жамғармаси ва меҳрибон жамоат аъзолари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — ёлғиз кексалар билан маҳалла ва жамоа ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда уларни мунтазам қўллаб-қувватлашдир.
Ташаббус масжидни фақат ибодат жойи бўлиб қолмасдан, балки ижтимоий ва тиббий ёрдам олиш мумкин бўлган марказга айлантиришни кўзда тутади, деб хабар беради IslamNews.
– Гарчи маънавий қўллаб-қувватлаш уларнинг ҳаётида муҳим ўрин тутса-да, кексалар ва уларга қараётган яқинлари тиббий ёрдам, ижтимоий мулоқот, ўзлари қизиқадиган фаолиятларда иштирок этиш ҳамда ҳаётнинг турли жабҳаларида йўл топиш учун кўмакка муҳтож, — деди масжид имоми Моҳд Файрус Абд Манаф.
Шу мақсадда масжид штатига ижтимоий ходимлар жалб қилинган бўлиб, улар нафақахўрларга турли масалаларда амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Лойиҳа 2026 йил февраль ойида синов тариқасида иш бошлаган ва ўз самарадорлигини исботлаган. Энди уни мамлакатнинг бошқа масжидларида ҳам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Сентябрь ойидан бошлаб ушбу ташаббус Пунггол ҳудудидаги Ал-Исло масжидида ҳам амалга оширилади.
