Минимализм: камтарона ҳаёт сари йўл
Ҳеч кимга сир эмас, аёлларимиз орасида мол-дунёга ўчлик, ашёпарастлик иллати кучайган. Баъзи оналар қизининг маънавиятини эмас, фақат сарпосуруғини ўйлайди, холос. Баъзи қайноналар эса “Яхши мебел билан келмагансан” деб келинни камситади, ҳатто ёшларни ажратиб юбормоқчи бўлади. Буларнинг бари динимиз кўрсатмаларига зид ишлардир. Ушбу мақола муаллифи инсон ҳаётда ҳар хил ялтир-юлтур матоҳларга, ҳашаматларга, ҳаддан ташқари қулайлик ва енгилликлар (комфорт)га интилавермасдан, оддийгина яшайдиган бўлса, руҳияти қандай эркин, кўнгли қандай равшан тортиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, кечинмалари билан ўртоқлашади.
Ошхонамда бир идиш бор, кўк шишали, мева солишга қулай. Уни ҳаётимизнинг қийин кунларида бир онахон берган. У пайтда болаларимиз кичкина, ишимизнинг тайини йўқ, қорнимизни амаллаб тўйдирган даврлар эди. Орадан йиллар ўтди, кейин кўплаб мева соладиган идишлар сотиб олдим, баъзилари синиб йўқ бўлиб кетди, баъзилари ишлатилмай ошхона жавонида терилиб турди. Лекин меҳмон келса ҳам, кундалик ҳаётимда ҳам мана шу кўк шиша идиш доимо хизматимда бўлди… Ҳар гал уни қўлимга олганимда, ўша аёл — камтар, тозаликни яхши кўрадиган онахон кўз ўнгимда гавдаланади.
Шаҳарда ҳаёт қайнайди. Ҳар қадамда рекламаларга кўзинг тушади: “Шу диванни олсанг, уйинг уйдай бўлади!”, “Янги телефон сенга бахт олиб келади!”, “Ўзингга энг яхши нарсаларни раво кўр, шунда сени одамлар ҳурмат қилади!” Уларнинг ҳар бири гўё бахтни катта қопда тутиб, эшик олдида тургандек. Биз ҳам шошиб, шу бахтни сотиб олишга уринамиз. Ҳар бир янги буюм гўё янги ҳаётнинг калитидек. Аслида-чи, бу буюмлар билан бирга уйимизга яна нималар тўпланади?
Ортиқча чанг, тиғиз жой. Бу кўзга кўринмас зулм эмасми? Чунки буюмлар вақтимизни, эътиборимизни ва қувватимизни ютади. Ҳар бир буюм ҳаётимиздаги бир бўлак вақтни тортиб олади. Масалан, уларни тозалаш учун сарфланган дақиқалар, бир кийимни танлаш учун кетказилган асаб, гаджетларга сарфланган соатлар. Бизнинг ҳаётимизнинг қанчадан-қанчаси буюмлар орасида “адашиб” ўтган экан-а?
Нимадир етишмаяпти…
Netflix компанияси ишлаган “Минималистлар: ҳозир камроқ ва яхшироқ” ҳужжатли фильми инсонлар учун камтарона турмуш тарзи фойдали бўлишига ойдинлик киритади.
Кўрсатув фильм қаҳрамонлари минималистлар Жошуа Филдс Милберн ва Раян Никодим минимализм ҳаёт тарзига қандай эга бўлганлари ҳақида ҳикоя қилади.
Жошуа Милберн ва Раян Никодим хира ёритилган киностудияда дастлаб минимализмгача бўлган ҳаётини кўрсатишади. Кириш ҳужжатли фильмга ўзига хослик бағишлайди, чунки икки кишининг қизиқарли ҳикояларисиз фильм шунчаки башоратдан иборат бўлиб қолар эди.
Жошуа Милберн кулранг костюм кийиб, ўзини жуда ҳурматли ишдан тортиб ажойиб квартирага қадар ҳамма нарсага эга қилиб кўрсатади. Лекин қовоғини солиб, тўхтаб қолади. Нимадир етишмаяпти – Милберн ҳақиқатан ҳам бахтлими?
Онасининг ўлимидан кейингина у турли нарсаларни йиғиш бахтнинг калити эмаслигини тушунади. У саҳналаштирилган уйига қадам қўяди – бефойда, эсда қолмайдиган нарсалар билан тўлдирилганлигини кўради, пул йиғадиган кумуш идишларгача.
Ҳужжатли фильм мезбонларнинг ҳаёти ҳақида сўзлайди, аммо фильмнинг асосий ғояси Милберн ва Никодимнинг камтарона ҳаёт тарзи қулайлигини томошабинга етказишдир. Яъни улар қиммат уйлар, бренд кийимлар ва яхшиликни унутиб қўйиш каби одамни “чарчатадиган ҳаёт”дан қандай воз кечишганини сўзлайди. Охирида минималист турмуш тарзини олиб бориш усуллари келтирилган, масалан, ҳар куни битта кераксиз деб ҳисоблаган нарсасини эҳсон қилиб юбориш…
Ҳа, ҳаётимизнинг кўп қисми харид қилиш ва сотиб олишга сарфланади. Ҳа, айнан мана шу имкон қадар кўпроқ нарсалар тўплаш бахт туйғуларини осонгина йўқотишимизга сабаб бўлади.
Ортиқча нарсалардан воз кечилса, ҳаёт қандай бўлади?
“Минимализм” дегани фақат хонадаги диван билан шкафни сотиб юбориш ва хонани бўшатиш эмас, бу – дунёқарашни янгилаш! Камроқ нарсага эга бўлиб, ҳаётнинг маъносини кўпроқ ҳис қилиш, инсонларни, бебаҳо вақтни қадрлаш демакдир.
Ҳар куни янги кийим, янги гаджет, янги хоҳиш… Лекин шу шовқин ичида кўпчилик чиндан ҳам нимани хоҳлашини унутиб қўйган. Бир томонда ортиқча нарсалар ботқоғига чўккан одамлар, иккинчи томонда шуларнинг ярмига ҳам эриша олмаганлар. Шунда минимализм нафақат оддийлик, балки ортиқча нарсадан воз кечиб, кимнингдир эҳтиёжини тўлдириш эканини ҳис қиласан.
(Давоми келгуси сонда.)
Барно СУЛТОНОВА,
журналист
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Таҳририятдан: Ислом таълимотида қаноат нафақат шахсий хислат, балки ижтимоий барқарорликни таъминловчи омил сифатида ҳам қаралади. Қаноатли киши дунё бойликларига эмас, руҳий покликка интилади. Ислом уламолари таъкидлашича, ризқда қаноат – Аллоҳ берган насибага шукр этиш; либос ва турмушда қаноат – исроф ва дабдабадан узоқ туриш билан бўлади. Қаноатсизлик ва исрофга айрим аёлларнинг бир тўйга кийган либосини бошқасига киймасдан, янгисини сотиб олиши ёки уйини тўлдириб турган идиш ва анжомлар “урфдан қолди” деган важ билан эрига янги чиққанларини олдириши кабиларни мисол келтириш мумкин.
Ислом ахлоқининг устунларидан бўлган сабр-қаноат инсон қалбини очкўзлик, ҳасад ва ҳирс иллатларидан поклаб, Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳу алайҳдан: “Бу мартабага нима билан эришдингиз?” – деб сўрашганида, у зот: “Дунё сабабларини йиғиб, қаноат арқонида боғлаб, ростгўйлик манжаниқига ўрнатдим, сўнг зуҳд ва сабр денгизига отиб юбориб, ором топдим”, дея жавоб беради. Шундай экан, ўткинчи дунё (ҳаёти ва ҳашамат)га берилмай, озига қаноат қилиб, Аллоҳ тақдир этган ҳар бир нарсадан ҳикмат изламоғимиз лозим.