Фирибгар аслида ўзига фириб беради
Машинада кетаётиб, йўлчироққа тўхтаганимда 30–35 ёшлар чамасидаги бир киши уловим олдига келиб ёрдам сўради. Соппа-соғ одамнинг тиланчилик қилишидан ҳайрон бўлиб, унинг гапига қулоқ тутдим:
– Ҳозиргина боламни операция қилдириб чиқдим. Бор пулим шунга кетди. Атай қилгандай машинам ҳам ўт олмаяпти. “Бензин насос” ишдан чиқибди. Устахонага борсам, 150 минг сўм сўради. Ёнимда пулим йўқ, ёрдам қилсангиз, уйга борганда картангизга ташлаб юбораман, – деб телефон рақамини узатди. Унга раҳмим келиб, айтган пулини бердим.
Кечки пайт унга қўнғироқ қилдим. Аммо телефони ўчирилган экан. Телеграмдан ёзсам, кўрди-ю, лекин жавоб қайтармади. Эртаси куни ҳам шу аҳвол.
* * *
Маҳалламиздаги 15 ёшли бола оғир хасталикка чалинди. Бир блогер унинг онаси олдига бориб: “Ўғлингизни видеога олиб, одамлардан хайрия пул йиғиш учун интернетга жойлаймиз”, деб тасвирга олиб, йиғилган пулни бермасдан, алдаб қочиб кетибди.
* * *
Афсуски, бугун айримлар пул топиш илинжида ҳар қандай тубан ишга қўл урмоқдалар. Турли қурилишлар, бемор, етим ва муҳтожларнинг ёрдам пулларини “туя” қилаётганлар учраб турибди. Кўчаларда ўзини муҳтож қилиб кўрсатиб, фирибгарликни касб қилганлар ҳам анчагина. Ёлғон ваъдалар билан қарз олиб алдаб кетиш, уй-жою машина ва давлат пулларини сохта ҳужжатлар билан ўзлаштираётганлар ҳам талайгина.
Энг ачинарлиси, бундай фирибгарликни бегоналар эмас, мусулмонлар қилишяпти. Улар қилаётган иши учун қонун олдида ҳам, охиратда ҳам жавоб қаттиқ эканини ўйлаб кўрмайди. Ёлғон сўз билан ҳаром луқма топиш мусулмонга мутлақо ярашмайди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди: “Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми?” У зот: “Ҳа”, дедилар. “Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми?” У зот: “Ҳа”, дедилар. “Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?” У зот: “Йўқ!” дедилар» (Имом Молик ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ёлғончилар биздан (умматим) эмас”, деб қатъий таъкидлаганлар. Ёлғончилик динимизда қораланган бўлса, бировни алдаб ҳаром луқма ейиш, фарзандларини ҳаром луқма билан боқиш икки карра оғир гуноҳдир.
Тижоратчи бир яқинимиздан ҳамқишлоғи “Онам оғир касал”, деб катта миқдорда қарз олди. Уни қайтариш муддати келганда эса қарздор: “Мен сендан бир сўм олганим йўқ. Исботинг борми?” дея далил талаб қилди. У нима қилишни билмай, пулдан кечиб юборди. Вақт ўтиб, ўша фирибгар ҳақида аянчли воқеани эшитдик. Болалари нобоп чиқиб, отасига қўл кўтариб, бутун маҳаллага “томоша” кўрсатибди.
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws