Субҳоналлоҳ…
Самолётда сафар қилмаган одам бўлмаса керак. Ўчоқ дарчасидан коинотни томоша қилаётиб беихтиёр “Субҳоналлоҳ!” деб юборамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:
“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай” (Анъом сураси, 125-оят).
Имом Авзоий ушбу оятдаги: “Гўё у осмонга кўтарилиб кетаётгандек…” иборасини “Кўнгли зиқ ва сиқилган одам мусулмон бўла оладими?” деб шарҳлаган. Абу Жаъфар ибн Жарир эса: “Аллоҳ таоло бу оятда кофирнинг қалбини мисол қилиб келтирди. Унинг қалби тор ва сиқиқ бўлиб, иймон унга кириши мумкин эмас. У иймонни қабул қилмайди. У худди осмонга чиқишдан бош тортаётган одамга ўхшайди. Унинг бунга қурби етмайди”, деган.
Доктор Салоҳиддин Мағрибий (АҚШ космик тиббиёт уюшмаси аъзоси, Лондон космик тиббиёт институти профессори) Исломободда бўлиб ўтган Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизаларга бағишланган I анжумандаги маърузасида шундай дейди:
“Бизнинг тана ҳужайраларимиз ҳаво билан боғлиқ. Кислород танамизга кирганда, ўпкамиз ҳавога тўлади. Бироқ инсон юқорироққа кўтарилса, ҳаво сийраклашади, кислород миқдори камаяди. Натижада босим тушади ва ҳужайралар сиқилади. Бу эса кўкрак қафаси сиқилишига олиб келади.
Субҳоналлоҳ! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Гўё у осмонга кўтарилиб кетаётгандек…” деган. Бу эса нафас олишнинг қийинлашишига олиб келади. Оятда айтилганидек: “… кўксини тор ва сиқиқ қилиб қўяди””.
Доктор сўзини давом эттириб, баландликнинг инсон танасига таъсирини қуйидагича изоҳлайди:
- Денгиз сатҳидан 3 км баландликда инсон танасида сезиларли ўзгариш бўлмайди.
- 3–5 км баландликда ҳаво камайгани боис вужудимиз ўшанга мослаша бошлайди.
- 5–7,5 км кўтарилгач, кўкрак қафаси сиқила бошлайди, бош айланади, ҳушдан кетиш мумкин. Чунки одам қанчалик юқори кўтарилса, шунчалик ҳавода кислород камаяди, нафас олиш оғирлашади ва ҳаёт издан чиқади.
Баландликда нафас олиш жуда қийинлашади. Самолёт учувчиларида кислород таъминоти тизими ишдан чиқса, айнан шундай ҳолат юзага келади. 7,5 км баландликдан кейин инсоннинг меъдасидаги газлар кенгайиб, диафрагмага босим қилади. Диафрагма эса ўпкага босим ўтказади. Шунинг учун кўкракда қаттиқ сиқилиш пайдо бўлади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws