Истинжо қандай қилинади?
Нажас чиққан ўринларни кесак каби нарсалар ё сув билан тозалаш “истинжо” дейилади. Сув билан тозаланиш – суннат. Агар нажас йўли атрофига дирҳам миқдори (очиқ қўл кафтининг сув турадиган қисми)дан ошиқ ёйилган бўлса, ювиш вожиб бўлади. Истинжога кўмир, суяк, тезак, ғишт, сопол, шиша, ёзувли қоғоз ва қийматли нарсаларни ишлатиш мумкин эмас.
Сув билан истинжо қилишдан олдин ва сўнг агар пок жой бўлса, тасмия (бисмиллоҳ) айтилиб, қўллар бўғинлари билан уч бор ювилади. Қўлларга бирор нарса тегмаган бўлса, обдастадан ювишда, чап қўл билан обдастанинг пастки қисмидан ушлаб, тутқичини ушламасдан, қийшайтирилиб ўнг қўл уч бор чайилади. Сўнг ўнг қўл билан обдаста тутқичидан ушлаб, чап қўл уч бор чайилади. Кейин қўллар хилол қилинади. Агар қўллардан бирига бирор нарса теккан бўлса, энг аввал, ўша қўл мазкур тартибда ювилади.
Сув билан истинжо қилишда ҳам халода ўтирилган тартибда ўтирилади. Ўнг қўл билан обдастадан оҳиста жилдиратиб сув қуйилиб, чап қўл бармоқлари билан аввал сийдик чиққан жой, сўнг мақъад (ост) ювилади. Жимжилоқдан олдинги бармоқнинг қорни мақъадга қўйилиб, сув қуйиш билан аста-аста ишқаланади. Сўнгра лозим бўлса, жимжилоқ ва ўрта бармоқлар ҳам ювишга ёрдамлашади. Мақъад тоза бўлганига кўнгил таскин топгач, тоза латта билан мақъад артилади. Истинжо қилаётган киши, рўзадор бўлмаса, ўзини бўш тутиб турмоғи керак.
Сув билан истинжо қилишга холи жой бўлмаса, истинжо қилинмайди. Зеро, авратни ёпиш ундан кўра муҳимроқдир.
Ҳожатхонани сув ёқаларига ё (ҳовлиларда) уй ичига қуришни динимиз ман қилади. Ёш болаларни идишга тўсиб, сўнг сувга оқизиш асло мумкин эмас.
Ел чиққанида, уйқудан турилганида сув билан истинжо қилинмайди.
Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws