Оила саодатининг асоси
Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳийрага борганимда улар (одамлар)нинг Марзубонга сажда қилаётганини кўрдим. Шунда: “Бунга (эҳтиромга) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақлироқ”, дедим. Сўнг у зот алайҳиссаломга воқеани айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биласанми, агар сен бир қабр олдидан ўтсанг, унга сажда қиласанми?” дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. У зот: “(Сажда) қилманглар, агар мен бир кишини бошқасига сажда қилишга буюрадиган бўлсам, аёлларни эрларига сажда қилишга буюрар эдим. Чунки Аллоҳ таоло эрлар ҳаққини аёллар зиммасида қилди”, дедилар» (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).
Имом Термизийнинг ривоятида: “Агар мен бир инсонни бошқа бир инсонга сажда қилишга буюрувчи бўлсам, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим”, дейилган.
Ҳадисда аёлнинг эрига итоати ва ҳурмати қандай бўлиши лозимлиги баён этилган. Бандага банда сажда қилиши ҳаром, фақат Аллоҳ таолога сажда қилинади. Ҳадисдаги “аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим” иборасидан мурод аёлнинг эрига эҳтиром этиши ва унга итоат этишидир. Ҳадиси шариф шарҳларида Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг Ҳийрага боргани зикр этилган.
Ҳийра Куфа яқинидаги қадимий шаҳар. У подшоҳлар қароргоҳи бўлган. Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу Ҳийра аҳолисининг Марзубонга сажда қилаётганларини, яъни унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаётганларини кўрди. Марзубон шоҳ бўлмаган. Аммо жисмонан қувватли, паҳлавон киши бўлган. “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон”даги ривоятда: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, аёл то эри олдидаги бурчини адо этмагунича Парвардигорнинг розилигини тополмайди. Агар у эгарда бўлса ҳам, ундан сўралса, рад этолмас”, дейилган.
Аёлнинг эрига итоатли бўлиши оила барқарорлигининг асосидир. Ҳадиси шарифда: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг истаган эшигидан кир”, дейилади», дея хушхабар берилган (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривояти). Аёлнинг дини, намози, поклиги билан бир қаторда эрига итоат қилиши ҳам муҳимдир. Яна бир муҳим жиҳат шуки, аёл эрини ҳурмат қилса, фарзандлар ҳам отани ҳурмат қилади. Натижада оила муҳити соғлом, муҳаббатли ва баракали бўлади.
Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан