Ҳар бир хонадонга зиё-маърифат
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйи масъуллари Қашқадарё вилоятида хизмат сафарида бўлиб, ҳудуддаги туман ва шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар билан учрашувлар ўтказдилар.
Мазкур тадбирларда нашриёт-матбаа ижод уйи бош муҳаррири Абдужалил Хўжам ва Даврий нашрлар бўлими мудири Иброҳимжон Иномовлар иштирок этиб, диний-маърифий нашрларнинг жамиятдаги ўрни ва тарғибот ишлари хусусида сўз юритдилар.
Йиғилишларда мамлакатимизда чоп этилаётган нуфузли нашрлар – “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг 2027 йил учун обуна мавсумини юқори савияда, уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир хонадонга ислом динининг эзгу таълимотлари, тинчлик, тотувлик ва маърифат ғояларини етказишда мазкур босма нашрларнинг муҳим манба экани алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, вилоятдаги имом-хатиблар сўнгги йилларда “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газетасининг мазмун-мундарижаси янада бойиб, халқчил ва долзарб мавзуларга бойиб бораётганини эътироф этдилар. Улар 2027 йилги обуна мавсумини муваффақиятли ўтказиш юзасидан жума мавъизаларида, шунингдек, оилавий тўй ва маъракаларда мазкур нашрлар тарғиботини янада кучайтириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.
Тадбирлар ниҳоясида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг 2026 йилги обуна жараёнларида жонбозлик қилган масжидлар, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйининг қимматбаҳо совғалари ва ташаккурномалари билан тақдирландилар.
