Қунут дуоси
“Қунут” сўзи луғатда “дуо” ва “тазарру” маъноларини англатади. Ҳанафий мазҳабига кўра, Қунут дуоси витр вожиб намозининг учинчи ракатида рукудан олдин ўқилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозида доимо Қунут дуосини ўқиганлари унинг вожиблигини билдиради. Шу боис витр намозида шу дуони билмасдан тарк қилиш саждаи саҳвни вожиб қилади.
Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳу: «Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳум: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрнинг охири (ракати)да Қунут дуосини ўқир эдилар”, деяётганларини эшитдим”, деди ва ўзлари ҳам шундай қиларди», дея қўшиб қўйди (Имом Дорақутний ривояти).
Ҳанафий мазҳаби уламолари витр намозида Қунут дуосини учинчи ракатнинг рукусидан олдин ўқиш керак, деганлар ва ушбу далилларга таянганлар: «Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрнинг рукусидан олдин Қунут ўқир эдилар”» (Имом Абу Довуд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни уч ракат ўқир ва рукудан олдин Қунут ўқир эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Қунут дуосининг келиб чиқиши бундай бўлган. Имом Абу Довуд Холид ибн Абу Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга озор берган Музар қабиласининг зарарига дуо қилаётганларида Жаброил алайҳиссалом келди ва у зотга “жим туриш” ишорасини қилди. У зот жим бўлдилар.
Бас, у: “Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сизни сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сизни бутун оламга раҳмат қилиб юборди. Сизга бу ишдан ҳеч бир нарса йўқдир”, деди. Сўнгра Қунут дуосини ўргатди».
Қунут дуосининг маъноси: “Аллоҳим, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга иймон келтирамиз, Сенга таваккул қиламиз ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк этамиз. Аллоҳим, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир”». Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилишган.
Қобилхон УМАРОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws