Каъба эшиги ҳақида биласизми?
Байтуллоҳнинг эшиги Каъбанинг шарқий деворида. Тарихий манбаларга кўра, Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссалом Каъбани бунёд этган вақтда унга икки эшик қилганлар: бири шарқий томонда – кириш учун, иккинчиси ғарбий томонда – чиқиш учун.
Айрим ривоятларда дастлаб Каъбада ҳозиргидек эшик бўлмагани, балки шарқий деворда очиқ кириш жойи қолдирилгани айтилади.
Ибн Ҳишом ва бошқа тарихчиларнинг ёзишича, ҳозирги Яман ҳудудида ҳукмронлик қилган Ҳимяр подшоҳи Туббаъ Каъбага биринчи эшикни ўрнатган. Бу воқеа милодий IV аср атрофида содир бўлган.
Азроқийнинг “Ахбору Макка” асарида Ибн Жарир Табарийдан нақл қилинган ривоятда: “Туббаъ – Каъбага биринчи бўлиб эшик ўрнатган шахс”, дейилади.
Ривоятларга кўра, Туббаъ Журҳум қабиласи бошлиқларига Каъба ичини доимо тоза сақлашни буюрган ва унга эшик ҳамда калит ясашни амр қилган. У ясаттирган ёғоч эшик Исломдан аввалги даврда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дастлабки рисолат йилларида бор эди.
Бу эшик Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳижрий 64 йилда (милодий 684 йил) янги эшик ясатгунига қадар сақланиб қолган.
Милодий 608 йилда Қурайш қабиласи Каъбани қайта қурганида ғарбий эшикни ёпиб ташлайди. Шундан сўнг Каъбада фақат шарқий эшик қолади.
Каъба тарихида энг узоқ хизмат қилган эшик усмонли султони Мурод IV даврида ясалган эшикдир.
Уни тайёрлаш ишлари 1629 йилда бошланиб, 1630 йилда якунланган. Ушбу эшик қарийб 300 йил давомида, яъни 1947 йилгача хизмат қилган. Эшик мисрлик моҳир усталар томонидан тайёрланган бўлиб, унинг безакларида 76 килограмм кумуш ва олтин ишлатилган.
Мазкур тарихий эшик Ар-Риёд Миллий музейида сақланади. У Абу-Дабида ўтказилган “Арабистон йўллари” кўргазмасида намойиш этилган.
Саудия ҳукумати давридаги биринчи эшик қирол Абдулазиз замонида ўрнатилган. Унинг асоси алюминийдан тайёрланган бўлиб, олтин ва кумуш қопланган темир панжаралар билан мустаҳкамланган эди.
Бу эшик Масжидул Ҳаромдаги кенгайтириш ишлари даврида бир неча бор таъмирланган ва алмаштирилган. У тахминан ўттиз йил хизмат қилди.
Ҳозир мазкур эшик “Ҳарамайн архитектураси” музейида сақланмоқда.
Каъбанинг ҳозирги эшигини подшоҳ Холид ибн Абдулазиз буйруғи билан машҳур заргар Аҳмад ибн Иброҳим Бадр ясаган. Эшикни тайёрлашда тахминан 280 килограмм соф олтин ишлатилган бўлиб, унинг тозалик даражаси 99,99 ни ташкил этади.
Эшикнинг умумий қиймати олтиндан ташқари харажатлар ҳисобида 13 миллион 420 минг Саудия риёли, яъни тахминан 3,5 миллион долларга тенг бўлган.
Ушбу эшик 1979 йил 13 октябрда ўрнатилган ва ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Шу боис у дунёдаги энг қиммат ва энг кўп олтин сарфланган эшиклардан бири ҳисобланади.
Каъба эшигини махсус безакли парда – “Ситора” тўсиб туради. У Кисванинг, яъни Байтуллоҳ ёпинчиғининг бир қисми ҳисобланади.
Кисва ва эшик пардаси ҳар йили Зулҳижжа ойининг 9-куни, ҳожилар Арафотда турган вақтда янгисига алмаштирилади. Эшик пардаси Қуръон оятлари ва дуолар билан безатилади.
Пўлатхон КАТТАЕВ,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws