Қалбга сакинат сўраш
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қийинчилик пайтида:
“Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббул ъаршил ъазийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббус самааваати ва Роббул арз’и ва Роббул ъаршил карийм”, дердилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Маъноси: “Улуғлик ва виқор соҳиби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Буюк Аршнинг соҳиби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Осмонлар ва ернинг соҳиби ҳамда улуғ Аршнинг Рабби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”,
Тавҳид ва иймон ҳар бир қийинчиликнинг ечими экан, инсон “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деганда, У Зотдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини эътироф этади. Аллоҳнинг “ал-Азийм” ва “ал-Ҳалим” исмлари жипслашганида (бирлашганида) улуғлик ва раҳмат бир вақтнинг ўзида мужассам бўлади. Қийинчиликларга кўпинча гуноҳлар сабаб бўлади.
Шунинг учун бу дуо инсонни тавба ва ислоҳ сари чорлайди. Аллоҳнинг “алҲалийм” исми – гуноҳкорга имконият бериши ва мағфират қилишини англатади. Ушбу дуони юз марта ўқиган киши катта фитна, балолардан халос бўлиб, маънавий шифо топади, даражаси юксалади, иншоаллоҳ.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws