Фахриддин Розийнинг тавозеси
Насабшунос олим Исмоил ибн Ҳусайн Ғанавий бундай ҳикоя қилади: «Фахриддин Розий Марв шаҳрига келди. Шу қадар мақоми улуғ, ҳайбатли эдики, у кишининг сўзига ҳеч ким эътироз билдирмас, ҳузурида бирор киши сўз айтишга журъат қилолмасди.
Мен у кишининг дарсларига қатнаб юрардим. Бир куни менга: “Ўқиб, ёдлаб олишим учун “Толиблар насабномаси” ҳақида кичик бир китоб ёзиб берсангиз”, деб қолди.
Мен у кишининг талаби билан “Ал-мусаннаф ал-Фахрий” номли асарни таълиф қилдим. Китобни унинг ҳузурига олиб келганимда, у киши ўтирган еридан пастга тушиб, бўйра устига ўтирди ва менга: “Сиз бу ерга ўтиринг!” деб ўзининг ўрнини кўрсатди. Мен ўтиришдан тортиндим. Шунда у киши қатъий овозда: “Мен айтган жойга ўтиринг!” деб буюрди. У кишининг ҳайбатидан дарҳол буюрилган жойга ўтирдим. Кейин у киши китобимни қўлига олиб, ўқий бошлади. Ора-орада тушунмаган жойларини мендан сўраб турди. Китобни тўлиқ ўқиб бўлгач: “Энди хоҳлаган жойингизга ўтираверинг. Чунки бу илмда сиз менинг устозимсиз. Мен эса сиздан фойда олувчи ва сизга шогирдман. Одоб шуки, шогирд устозининг олдида ўтиради”, деди.
“Солиҳлар ва солиҳалар ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Илёсхон АҲМАД таржимаси.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws