Исрофчи хотиннинг эри қарзга ботади
Жамиятда аҳолининг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Кўп ҳолларда тўй ва маросимлар бошида аёллар бошқош бўлишади. Уларнинг айтгани айтган, дегани муҳай ё бўлмас экан, тинчимайди. Баъзан қўшнисининг ёки бирор маҳалладоши 9 тоғора қилган бўлса, биз 11 тоғора қилмасак бўлмайди. Қизим ёки ўғлим етим эмас, деган важ билан муаммолар ортидан муамоларни пайдо қилишади. Кенг ҳовлида ўтказиши мумкин бўлган йиғинни данғиллама тўйхонада ўтказиш пайига тушиб қолишади. Буни кўрган ёш-яланг қиз-йигитларимиз ҳам ота-онасининг имконияти қай даражада эканини ўйламай-нетмай ўртоғимникидай қилиб берасиз деб туриб олишади. Натижада қарздорлик вужудга келади. Аслида ҳар ишда ўлчов ва меъёрни сақлаш диний ва миллий қадриятларимиздандир.
Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26–27-оятлар).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир” (Имом Байҳақий ривояти); “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти). Яъни ҳар ишда – хоҳ у дунёвий, хоҳ охират амали бўлсин – мўътадиллик бўлгани маъқул.
Зеро, ортиқча харажат нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам зарарлидир. Бу билан инсон нафсига қул, жамиятда эса риё ва фахрланиш авж олади. Ҳашамдор тўй ва маросимларнинг ташаббускорлари аксарият ҳолларда аёллар бўлади. Улар ҳою ҳавас ортидан қувиб эрини ҳам қалтис вазиятга тушириб қўйишади. Ҳазрат Алишер Навоий: “Исроф сахо эмас ва илтифотни маъно аҳли саховат демас”, яъни “Исроф қилиш – сахийликдан эмас, ақлли, доно одамлар ноўрин сарф-харажатни саховат демас”, деганлар. Албатта, тўй – шодликдан иборат, аммо у ҳеч кимга юк бўлмаслиги керак. Маросим – эҳтиром ифодаси, аммо у ортиқча чиқим, мажбурийлик ёки “одамлар нима дейди?” деган ўйлар билан ўралмаслиги лозим.
Юртимизнинг турли ҳудудларидаги тўйларда бўлганман. Одамлар фарзандларининг бахтли-саодатли бўлишлари учун дея беҳисоб маблағлар сарфлайди. Агар бу маблағлар дабдабали тўйларга эмас, балки уларнинг илм ўрганиши, касб-ҳунар эгаллашига сарфланганида эди, олимлар, фозиллар, шоирлар етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган бўлардик. Бу эса садақаи жория (тўхтовсиз бориб турувчи савоб)ни кўпайтиради, инсонларда ўзаро ёрдамлашиш маданиятини шакллантиради.
Рустам ЖАМИЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws