Шартларга боғланган ишда хайр йўқ
Неъматнинг ёнида ношукрлик бўлса, бу неъмат учун бақо йўқ. Ёнида шукри бор, неъматга завол йўқ.
Изоҳ. Агар Аллоҳ таоло ато этган неъмат шукр билан қўрғонланса, унинг заволи йўқ экани, агар қадрига етмасдан ношукрлик қилинса, бу неъмат узоқ турмайди. Аллоҳ тао ло дейди: «Аллоҳ сизларни бирор танглик – машаққатга солмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шоядки, шукр қилсаларингиз» (Моида сураси, 6-оят).
Аллоҳдан бошқа барча нарсанинг табиатида муҳтожлик бор. Бандалигимизнинг ўзи бизнинг ҳожатмандлигимизни билдиради. Ҳожатманд эканмиз, ким ҳам эҳтиёжининг тўла қондирилишини хоҳламайди?! Бутун оламларнинг Парвардигори сизу бизга Ўз неъматларини мукаммал қилиб беришни ирода қиляпти. Берувчи Зот тўлиғи билан беришга ҳозир, олувчи эса бериладиган нарсаларга ўта муҳтож, қандай тўсиқ бўлиши мумкин? Ҳеч қандай, илло битта тўсиқ бор – ношукрлик! Шукр нима? Неъмат бераётган Зотни таниш, ҳар қандай ҳолда неъмат Эгасини унутмаслик, миннатдорлик ҳисси билан яшаш ва шу ҳис билан бу дунёни тарк этиш. Акс ҳолда, берилган неъматлар бизга тузоқдир. Тузоққа илиниб, шукр неъматидан маҳрум бўламиз, ризқимиз кесилади, бундай нонкўрлик учун дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўламиз.
Чўзилган ваъда ва шартларга боғланган ишда хайр йўқ.
Изоҳ. Мунофиқлик – иккиюзламачилик энг ёмон феълдир. Сабаби, нифоқ иймонга зиён етказади. Ваъда бериб, уни бажармаслик мунофиқлик аломатидир. Берилган ваъдани бажариш қанча чўзилса, иккиюзламачиликка шунча яқинлашилган бўлади. Бу яқинлашишнинг бора-бора нифоқ чегарасига ўтиб кетиш хавфи бор. “Фалон ишни қилсанг, сенга берган ваъдамни бажараман” деб ваъданинг адосини шартларга боғлаб қўйишда ҳам яхшилик йўқ. Ваъда бериб, кейин унинг бажарилишини бир шартга боғлаб қўйиш, балки ваъдани бажармаслик қасдида ўйлаб топилган чора бўлиши мумкин. Агар ҳақиқатда шундай бўлса, бу икки карра мунофиқликдир. Орзуга сабр-ла эришилади. Ким орзусига етиш йўлида сабр этса, эришади.
Кимки орзумга етдим деб бепарволикка юз бурса, эришганини йўққа чиқаради.
Изоҳ. Инсон бутун умри давомида орзулар ичра яшайди. Орзунинг туғилиши, бир пасда вояга етиб, бутун хаёлингизни эгаллаб олиши, тинимсиз сизни ўзига чорлаб ҳаракатга ундаши, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларга юзма-юз туриб, синовларга сабр-бардош билан чидашингиз, мақсад сари тобора яқинлашишингиз ўзига хос жонли жараёндир. Аслида бу жараён натижанинг ўзидан ҳам қизиқарли, жозибалироқ. Шунинг учун орзунгиз рўёбга чиқиши билан унга рағбатингиз сўнади ва дарҳол янги орзунинг қанотида парвозга шайланасиз. Дунё орзулар кўринишида сизга қутқу солаверади ва умр шундай ўтаверади. Мўминнинг ютуғи шундаки, у орзуларини охират манфаати билан боғлай олади. Лекин бундай орзуга эришиш учун улкан сабр керак. Шу даражада улканки, чегарасини фақат Аллоҳ таоло билади.
Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws