Нимкосадаги ҳақиқатлар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида атоқли авар шоири Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан «Танланган асарлар» китоби чоп этилди. Унга муаллифнинг дурдона асарлари – «Менинг Доғистоним» бадиаси, «Оналарни асранг» достони ва «Ўзим ҳақимда уч оғиз сўз» мақоласи киритилган. Ватан меҳри, давр руҳи мадҳ этилган китобда Доғистон халқи ҳаётининг узвий бир қисми бўлган Ислом дини ҳақида ёзмасликни тасаввур қилиб бўлмасди.
Муаллиф бу шарафли вазифани қандай бажарганини севимли шоиримиз Абдулла Орипов китобга ёзган сўзбошисида таъкидлаган: «Китобда юзлаб, минглаб ёмби фикрларни, ҳикматларни учратиш мумкин. Муаллиф аждодлар, замондошлар тажрибасига таянади. Ҳар қандай сиёсатнинг игна кўзидек тешигидан ҳам “туя”ни бемалол ўтказа олади. Мана буни маҳорат деса бўлади».
Адиб ҳар бир сўзни ёзишдан олдин тин олган, адабий мезонга солган ва ўз фикрини «назоратчилар» эътироз билдира олмайдиган даражада ифода қилган:
«Қадим замонда хабарчи овулга от чоптириб келади. Бу вақтда ҳамма эркаклар масжидда намоз ўқиётганди. Хабарчи отдан туша солиб (у чўпон эди) чориғини ечмай масжидга киради.
– Эй нодон, эс-ҳушинг жойидами? – дея танбеҳ берди мулла. – Масжидга киришдан олдин покланиш ва чориқни ечиш кераклигини билмайсанми?
– Чориғимда жондан азиз дараларимизнинг тупроғи бор. У бу гиламлардан қимматлироқ. Ҳозиргина ёв шу азиз тупроғимизга ҳужум қилди.
Тоғликлар масжиддан югуриб чиқишиб, отларига минишди».
Ёки:
«Бир куни муридлар давра қуришиб, қиличлари билан мақтанишди. Бири қиличи асл пўлатдан ясалганини, иккинчиси қиличига Қуръон ояти ёзилганини айтди. Шунда улар орасига Шомилнинг жангларда мардлиги билан ном қозонган Ҳожимурод исмли муриди келиб қўшилди ва баҳсга нуқта қўйди:
– Бекордан-бекорга чинорнинг салқин соясида баҳслашманглар. Эртага жанг бўлади, қайси бири яхши эканлигини қиличларнинг ўзи ҳал қилади».
Асарда Кавказ халқлари озодлиги ҳаракати йўлбошчиси имом Шомилнинг васияти келтирилади:
«Азиз тоғликларим! Яйдоқ тошлардан иборат шу тоғларни ва унинг табиатини севинг. Бобомерос еримиз бизга мул-кўл ҳосил тутмайди, агар шундай бўлмаганда у ўзимизнинг ерга ўхшамасди. Унутманг, ўз ерисиз фақир тоғликлар озодликка эриша олмайди. Шу қутлуғ ер учун курашинг ва уни ҳимоя қилинг!»
Ўша даврда динга қарши олиб борилган сиёсат ўз таъсирини кўрсатгани китобда бундай берилган:
«Концерт авж паллага чиққанда масжид минорасидан сўфи азон айтиб, мусулмонларни шом намозига чорлади. Ҳасан ўрнидан туриб меҳмонларга қарата деди:
– Биз учун қутлуғ кун – масжидимизнинг очилиш кунида ҳурмат кўрсатиб овулимизга келганларингиз учун барчангизга раҳмат. Энди биз намоз ўқишга борамиз. Истасангиз, давом эттиринг, истасангиз, бизни кутиб туринг, истасангиз, биз билан намоз ўқишга юринг.
Овулнинг айрим одамлари масжидга йўл олишди, айримлари томошаси учун қолишди. Баъзилар икки ўртада қайси томонга боришни билмай ҳайрон туриб қолишди».
Қайси томонга боришни билмай ҳайрон туриб қолганлар имом Шомилнинг Санкт-Петербургдан қайтган ўғли Жамолиддин билан суҳбатини ўқишса, тўғри йўлни топишади:
«– Айт-чи, олисларда юрганингда Доғистон ҳаққига дуо қилдингми? Қуръон оятларини, намоз ракатларини такрорлаб турдингми?
– Мен яшаган жойда Қуръон йўқ эди, — дея истар-истамай жавоб берди Жамолиддин.
– Наҳотки, сен бир марта бўлса ҳам, Қудратли Аллоҳни эслаб бош эгмадинг? Наҳотки, дилингда Қуръон оятларини такрорламадинг? Наҳотки, намозни адо этмадинг?..»
Расул оға отаси, Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадасанинг эътиқоди мустаҳкамлигини ибратли лавҳаларда баён қилади:
«Отам ҳуснихат эгаси, араб тилида ҳам чиройли ёзар эди».
«Отам ҳеч қачон чекмасди, лекин ҳаётдан роҳатланишни турмушнинг бошқа нарсаларидан туярди. Она юртни севиш, куйлаб завқланиш роҳати Ҳамзат Цадаса ҳаётининг мазмуни эди».
«Отамни яқиндан билган одамлар уни ўзлари кўрган ҳолида тасаввур қилишади. Албатта, отам шудгор қиларди, ўт ўрарди, пичанни аравага ортарди, отга ем берарди ва бошқа уй-рўзғор ишларига қарарди. Лекин мен отамни фақат китоб ўқиётган ҳолда тасаввур қиламан. Отам китобни икки қўли орасида учишга шай қушдай ушларди. Меҳмондўст отам китоб ўқиётган вақтда келган одамни худди намозини бузган кишидай хаёли паришон ва хижолат чекиб кутиб оларди. Шу боис отам китоб ўқиётган вақтда онам оёқ учида юрар, кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйиб, бизни шивирлаб гапиришга ундарди:
– Шовқин қилманглар, отанг ишлаяпти».
«Овулимиздан армияга кетаётган бир йигит ота-онасига бундай хат ёзибди: “Жуда вақтли турамиз. Бизни Ҳамзат томга чиқадиган вақтда уйғотишади…”»
Бу лавҳалар Ҳамзат Цадаса Қуръони каримни қунт билан ўқиганини, оятларига амал қилганини, тонгда азон айтиб, намоз фарзини адо этганини англатади.
Барчамиз таржимаи ҳол ёзганмиз. Бироқ Расул оғанинг «Ўзим ҳақимда уч оғиз сўз» дея номланган таржимаи ҳоли барчамизга намуна. Ундаги бадиий ифодаланган ҳикматли лавҳалар ўқувчини ҳайратга солади. Чиройли сўзларда берилган диний фикрлари ҳам ҳеч бир «назоратчи»да шубҳа уйғотмайди:
«Мен рус адабиётининг гўзал намуналари жозибасини болалигимдаёқ ҳис қилгандим. Отам мактабда ўқиб юрган вақтимдаёқ Толстойнинг “Ҳожимурод” асарини овулдошларимга ўқиб беришимни ва уни сўзма-сўз авар тилига таржима қилишимни буюрарди. Оқсоқоллар асарни тинглар экан: “Бундай ҳаққоний сўзларни одам боласи ёзганмикин ўзи?” дегандай, бош чайқаб қўйишарди».
Ширинхон АБДУЖАББОРОВА,
журналист
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан