Дуо ҳам, қарғиш ҳам бир оғиздан чиқади
Ислом динида тил, яъни сўзлаш одобига алоҳида эътибор берилади. Айниқса, ёмон сўзни айтишда ҳушёр бўлиш, бунга охиратда жавоб бериш, ижобат соатларига тўғри келиб қолса, ёмон бўлиши айтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Тил офатлари ичида қарғиш энг ёмонидир. Халқимизда: “Қарғишнинг икки учи мавжуд, бири сен қарғаган одамга, иккинчиси ўзингга тегади”, деган нақл бор. Арзимаган нарсаларга “Бетингни ел есин”, “Бетинг қурсин”, деб қарғайдиган таниш кампир бор эди. Охири ўзи шу дардга мубтало бўлди. Бечора одамларнинг кўзига кўринолмай қолди.
Ҳаммани “Ҳа, бахтиқаро!” деб қарғовчи амакини ҳам танирдим. Фарзандлари, ҳатто неваралари ҳам бахтсиз. Аксарияти ажрашган, уйларида тинчлик йўқ… Фарзандларини “мол”, “эшак”, “чўчқа”, “ҳайвон” деб сўкиб катта қилган аёлни биламан. Вояга етган биттагина ўғлини ҳам дайди ит тишлаб, қутуриб ўлди. Ўғлининг ўлимидан сўнг ўзи жинни бўлиб, руҳий касалликлар шифохонасига тушди. Азизлар, буларнинг ҳаммаси тўқима эмас, ҳаётда бўлган воқеалар.
Ҳар не бўлса ҳам, тилингизни тийинг экан! Айниқса, дуолар ижоат бўладиган вақтларда, хусусан, аср ва шомнинг орасида ҳушёрликни оширинг, бу пайтда оғзингиздан фақат яхши сўзлар чиқсин! Қарғиш ўрнига чиройли дуолар қилайлик. Зеро, иккиси ҳам бир оғиздан чиқади…
Муаззам ИБРОҲИМОВА
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws