Инсон тарбия билан камол топади
Инсон табиати тарбия билан гўзаллашади. Улуғларимиз тарбияга алоҳида эътибор билан қарашган. “Тарбия” арабча сўз бўлиб, “бир нарсани тўғрилаш”, “ўстириш”, “камолга етказиш” маъноларини англатади. Тарбия аждодларимиз тўплаган фазилат ва хислатлар, қадриятлар, шунингдек, улар тўплаган тарихий ижтимоий тажриба ва илмларни билиш манбаи ҳисобланади.
Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири фарзанд бўлиб, унинг тарбияси билан ота-она, устозлари жиддий шуғулланишлари лозим. Шу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди”, деганлар.
Шундан англашиладики, болалар тарбияси билан шуғулланиш, уларни гўзал хулқли қилиб вояга етказиш отаонанинг зиммасидаги бурчдир. Шарқ халқлари қадимдан таълим ва тарбияни тенг олиб боришган.
Тарбия инсоният билан бирга пайдо бўлган кишилик жамиятининг ажралмас қисмидир. У сабабли эзгулик, маънавий гўзаллик, хайрли ишларга қўл уриш каби хислатлар шаклланади.
Тарбия ҳақида гап кетганда жадид маърифатпарвари, улуғ педагог-тарбиячи Абдулла Авлонийнинг машҳур гапи ёдга тушади: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир».
Ҳар кишининг дунёда ороми жони тарбият,
Балки охирида эрур доруламони тарбият.
Тарбият ҳамроҳ этадур ҳур ила рузвонлара,
Гар десам бўлмас хато жаннатмакони тарбият.
Эй оталар! Жонларингиздан сучук фарзандингиз,
Ғайрат айланг, ўтмасун вақт-замони тарбият.
Бобомиз Абдулла Авлоний тарбия жараёнини қуйидагича изоҳлайди: Тарбияни бадан тарбияси, фикр тарбияси ва ахлоқ тарбияси каби турларга ажратган.
Бадан тарбияси – баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарса ҳисобланади. Чунки ўқумоқ, ўқутмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур. Соғ баданга эга бўлмаган инсонлар амалларинда, ишларинда, ибодатларинда камчилик қилурлар. Фикр тарбияси – энг керакли, кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган, муаллимларнинг диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Ахлоқ тарбияси – инсонларга энг муҳим, зиёда шараф, баланд даража бергувчи тарбиядур. Тарбия ила дарс орасида фарқ бор, чунки дарс олувчи-билувчи, тарбия олувчи-амал қилувчи демакдур.
Улуғларимиздан: “Боланинг тарбиясини неча ёшидан бошласа бўлади?” деб сўрашганида: “Онасини танлашдан”, деб жавоб беришган. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ажойиб ҳикмат бор. Тарбиянинг энг олий намунаси шахсий ўрнак бўлишдир. Агар келажак авлодни яхши тарбиялашни ният қилсак, оила даврасидан бошлаш мақсадга мувофиқ. Ота-она, нуронийларимиз, ака-укалар, опа-сингил, қариндош-уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга.
Фикрларимизни бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу гаплари ҳам қўллаб-қувватлайди:
“Тарбияни фарзанд туғилган кунданоқ бошламоқ, вужудимизни қувватлантирмоқ, ахлоқимизни кучлантирмоқ, зеҳнимизни ривожлантирмоқ лозим”.
“Фикр агар яхши тарбият топса, ханжар – олмосдай бўлур ўткир”.
“Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур”.
“Керак тарбият, ёшликдан керак,
Улуғ бўлса, лозим келур ғам емак”.
“Туғиб ташлаш билан бўлмас бола, бўлғай бало сизга,
Вужуди тарбият топса, бўлур ул раҳнамо сизга.
Темирчининг боласи тарбият топса, бўлур олим,
Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим”.
Жаҳонгир ЧОРИЕВ,
Тошкент туманидаги “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 13-сонидан