Ким куфр келтирса, зарари ´зигадир
«Раббингиздан сизларга қатъий далиллар келди. Ким (уларни) қалб кўзи билан кўрса, фойдаси унинг ўзига бўлади. Ким (уларни) билмаса, унинг ўзига ёмон бўлади. Мен сизларга асрагувчи – қўриқчи эмасман» (Анъом сураси, 104-оят).
Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тааллуқли бўлган ва у зотга тааллуқли бўлмаган нарсалар баён қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасалламга тааллуқли бўлган нарсалар ҳақ дин, яъни Исломга даъват қилиш, у ҳақдаги далил ва ҳужжатларни етказишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақ динни мукаммал етказдилар. Уни очиқ баён қилдилар. “Раббингиздан сизларга қатъий далиллар келди” оятидан мурод ана шудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тааллуқли бўлмаган нарса инсонларнинг иймонга келиши ва куфр келтирмаслигидир. Бу нарса инсонларнинг ўз ихтиёрларига боғлиқ. Оятнинг маъноси бундай: ким ҳақни таниб, иймон келтирса, унинг фойдаси ўзига бўлади. Ким ҳақни тан олмаса, билмаса, куфр келтирса, куфрнинг зарари унинг ўзигадир.
“Мен сизларга асрагувчиқўриқчи эмасман”, яъни мен сизларнинг амалларингизни назорат қилмайман ва уларнинг жазосини ҳам бермайман. Мен фақат огоҳ этувчиман, холос. Сизларни сақлагувчи, яхши ва ёмон ишларингиз ажри ва жазосини берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Имом Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ оятни бундай тафсир қилади: “Пайғамбарнинг вазифаси фақат етказишдир. Уни қабул қилиш ё қилмаслик сенинг ихтиёрингда”.
“Тафсири Нобулсий” асари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws