Сунъий интеллект мужтаҳид ўрнини боса оладими?
Савол: Бугунги кунда илмий изланишлар ва замонавий ўзгаришлар ҳақида гапирар эканмиз, сунъий интеллект ҳам бу жараённинг бир қисмига айланмоқда.
Сиз айтганингиздек, илм манбалари маълум ва чекланган. Илмий изланиш, ижтиҳод, таҳлил ва тафсир жараёнларида эса инсон маълум манбаларни жамлайди, уларни ўрганади, таҳлил қилади ва муайян хулосага келади.
Бугунги сунъий интеллект воситалари ҳам матн ва манбаларни жамлаб, уларни таҳлил қилиш ва маълум бир хулосага келиш имкониятига эга.
Шундай экан, сунъий интеллект воситаларидан олимлар ўрнига ижтиҳод қилишда фойдаланиш мумкинми? Яъни сунъий интеллект биз учун мужтаҳид вазифасини бажара оладими? Ёки бу босқич ҳали эртами? Балки инсон ҳеч қачон бундай босқичга етиб бормас…
Жавоб: Йўқ, бунга етиб бўлмайди. Чунки ижтиҳод – инсонларга юкланган шаръий вазифа. Сунъий интеллект эса инсон эмас. Шунинг учун у мукаллаф эмас.
Ижтиҳод оддий маълумотларни жамлаш ёки матнларни таҳлил қилишдан иборат эмас. У Аллоҳ таоло инсонга юклаган масъулиятли вазифадир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси, 43-оят).
Яна бошқа бир оятда: “Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар” (Нисо сураси, 83-оят).
Уламолар таъкидлаганларидек, мужтаҳид учун фақат билимга эга бўлиш, кўп маълумотни ёд билиш ва манбаларни қамраб олишнинг ўзи етарли эмас. Мужтаҳидда тақво, вараъ ва Аллоҳдан қўрқиш каби муҳим сифатлар бўлиши керак.
Яъни инсон Аллоҳ номидан билмаган нарсасини гапиришдан қўрқиши керак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзан ёлғон сўзларни тўқиса. Албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз” (Ҳааққо сураси, 44–46-оятлар)
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам эса ёлғонни, хусусан, у зотнинг номларидан ёлғон гапиришдан қайтарганлар: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, дўзахдаги жойига тайёрланаверсин”.
Шунинг учун бу масала жуда жиддий. Ижтиҳод фақат маълумотни тўплаш ва таҳлил қилиш эмас. Унда масъулият, тақво, вараъ ва Аллоҳдан қўрқиш каби инсонга хос сифатлар ҳам мужассам бўлади.
Булар эса оддий восита ёки дастурнинг хусусияти эмас.
Шу сабабли сунъий интеллект қанчалик ривожланмасин, унинг вазифаси олимнинг ўрнини эгаллаш эмас, балки олимга ёрдамчи восита бўлишидир. Ижтиҳод эса мукаллаф инсоннинг масъулияти бўлиб қолади.
МУҲАММАД ҲАСАН ВАЛАД ДАДУ
Мавританиялик фақиҳ ва замонамизнинг йирик уламоларидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси