Лайлининг сифати – Мажнун қилмоқ
“Хамса”даги ҳар беш достоннинг муқаддима қисми ҳамд, муножот ва наът бобларидан таркиб топган ва улар муаллиф ижодий ниятидан келиб чиқиб достон хусусиятига мос талқинлар билан бойитилган. Жумладан, “Лайли ва Мажнун” достонининг ҳамд бобида Ҳақ таоло қудратини англашда ақлнинг нечоғли ожиз экани бундай ифодаланади:
Эй сендин улус хужаста фаржом,
Оғозинга ақл топмай анжом.
Эй ақлға фоизи маоний,
Боқий Сену борча халқ фоний.
Бу орқали буюк шоир фақат ақлгагина таяниш эътиқод асосларига мувофиқ эмаслиги ҳақидаги ирфоний қарашларини ифодалайди. Ақл ва ишқ муносабатлари билан боғлиқ достон концепцияси (қараш, тузуиши)ни ўқувчи шуурига босқичма-босқич сингдира боради. Аллоҳ таолонинг ҳуснни дилпазир (ёқимли), эл кўнглини унга асир қилганини таъкидлар экан, китобхон руҳиятини изчил мантиқ асосида Қайснинг Мажнунга айланишига тайёрлайди.
Қайснинг бу ёруғ дунёга келиш воқеаси достоннинг Х бобида ифодаланган. Бош қаҳрамон исми тўрт боб давомида “Қайс” деб юритилади. XV бобга келибгина у “Мажнун” деб атала бошлайди. Ўнинчи бобнинг сарлавҳасидаёқ унинг ишқ йўлида “хирад тариқин унутқони ва мажнунлуққа шуҳрат тутқони”га урғу берилган. Ишқни деб ақлу хираддан кечгани учун ҳам шу ном билан машҳур бўлади:
“Лайли, Лайли!” – дебон чекиб ун,
Эл деб: “Мажнундур, ушбу Мажнун”.
Ҳазрат Навоий талқинига кўра, Ҳақ таоло ҳусни тажалли қилгани туфайли Лайли Унинг ишқига мазҳар бўлди. Лайлининг сифати эса Мажнун қилмоқдир.
Эй оники Лайли айлаб отин,
Мажнун қилмоқ қилиб сифотин,
Эй Мажнунунг хираддин озод,
Оҳи берибон хирадни барбод,
Эй ақл Сенинг йўлунгда ғофил –
Ким, телба Сенинг йўлунгда оқил…
Ҳазрат Навоий “Лайли ва Мажнун” достони сюжети ва тузилишини ана шу тарзда ўзининг маънавий мақсадлари заминига қуради. Асарнинг муқаддима бобларини асосий сюжет билан мустаҳкам боғлайди. Достондаги ҳар бир сўз ва образ, ҳар бир боб ва байт муаллиф ижодий ниятининг ифодасига хизмат эттирилади. Достоннинг ботиний-ирфоний моҳиятини чуқур тадқиқ қилиш навоийшунослик олдида турган долзарб вазифалардандир.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws