Каъба хаттоти ўзининг Қуръон мусҳафи асл қўлёзмасини Туркия қўлёзмалар жамғармасига ҳадя қилди
Каъбаи Муаззамага ўз санъати билан ҳисса қўшган машҳур туркиялик хаттот Муҳаммад Ўзчай ўзининг «Муҳаммад Ўзчай мусҳафи» деб номланган Қуръони карим қўлёзмасининг асл нусхасини Туркия Қўлёзмалар жамғармаси (TÜYEK) ҳузуридаги Мусҳафи шариф бўлимига тўҳфа қилди. Бу мазкур бўлим учун вақф қилинган илк қўлёзма асар ҳисобланади.
Туркия маданият ва туризм вазири Муҳаммад Нурий Эрсой пайшанба куни эрталаб берган баёнотида Ўзчайнинг хаттотлик санъати ва маданий меросни асраб-авайлаш йўлидаги улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, санъаткор Қуръони каримни хаттотлик билан кўчиришни 1986 йилда бошлаган ва уни ўз миллатига ҳадя қилишга қарор қилган.
«Султонлар мусҳафлари» кўргазмасида берилган ваъда бажарилди
Муҳаммад Ўзчай 2025 йил 25 февраль куни «Султонлар мусҳафлари» кўргазмасининг очилиш маросимида ўз қўли билан кўчирган мусҳафини Туркия Қўлёзмалар жамғармасига ҳадя қилиш нияти борлигини эълон қилган эди.
Зарур тайёргарлик ишлари якунланиб, мусҳафи шарифни сақлаш учун махсус ғилоф тайёрлангач, хаттот Ўзчай асарни жамғарма қароргоҳида маданият ва туризм вазири ўринбосари Жўшқун Йилмазга топширди.
Тўрт ярим йиллик узлуксиз меҳнат
Муҳаммад Ўзчайнинг Қуръони каримни хаттотлик билан кўчириш фаолияти 1986 йилда нашриётлардан бирининг таклифи ва қўллаб – қувватлаши билан бошланган. Дастлаб у ўзининг ўша пайтдаги бадиий маҳоратини етарли деб ҳисобламагани сабабли таклифни рад этган. Бироқ буюртмачи томоннинг қатъий туриши натижасида кейинчалик ишга киришган.
Тўрт ярим йиллик машаққатли меҳнатдан сўнг, у 1991 йил охирида мусҳафнинг биринчи қисмини тугаллаган. Хаттотнинг таъкидлашича, ушбу тажриба унинг насх хатидаги маҳоратини сезиларли даражада оширган. Шу боис у дастлабки босқичда кўчирган мусҳафнинг олти ярим жузини қайтадан хаттотлик билан ёзган. Натижада унинг бадиий услубидаги такомиллашув кейинчалик юз минглаб нусхада чоп этилган мусҳафнинг асл қўлёзмасида ҳам ўз аксини топган.
Нашр учун махсус тайёрланган ўзига хос услуб
Мусҳафи шариф кейинчалик босмахонада чоп этилиши режалаштирилгани сабабли, Ўзчай ўша даврнинг техник ва бадиий талабларига мос усулни қўллаган. У ҳар бир оятни ўлчами 35 × 50 сантиметр бўлган алоҳида оқ мато қопламали қоғозга кўчирган. Бу эса қўлёзма саҳифаларини юқори аниқликда босма шаклга ўтказиш имконини берган.
«Мусҳафимни ўз умматимга ҳадя қиламан»
Жамғарманинг Мусҳафи шариф бўйича илмий қўмитаси аъзоси бўлган Муҳаммад Ўзчай ўз асарини мазкур муассасага вақф қилганидан чексиз мамнунлигини билдириб, мусҳафини ўз миллатига ҳадя қилаётганини таъкидлади.
Унинг қўлёзмаси Сулаймония қўлёзмалар кутубхонасида сақланади.
Мусҳафи шарифни топшириш маросимида Мусҳафи шариф бўлими илмий қўмитаси раиси Муҳаммад Амин Мачали, хаттот Ҳусайн Субаши, Мимор Синан номидаги нафис санъатлар университети ректори Аҳмад Саид Ачиқгўзўғли, жамғарманинг Мусҳафи шариф бўлими раҳбари Нажмиддин Гўкир ҳамда Таржима ва нашрлар бўлими раҳбари Нажмиддин Азак иштирок этди.
Манба: NewTurk Post ахборот агентлиги. Илёсхон АҲМАД таржимаси.