Билмаганни гапиришдан қўрқиш лозим
Одамлар орасида мавзуни билмаса ҳам, ўзини билағон кўрсатадиганлар оз эмас. Бу иллат нафақат шахснинг обрўсига путур етказади, балки ён-атрофдагиларга ҳам зарар келтиради.
Билимга асосланмаган фикр – нотўғри хулосаларга олиб келади. Масалан, тиббиёт, ҳуқуқ ёки молия, диний масалалар каби соҳаларда етарли билимга эга бўлмаган одамларнинг “маслаҳати” бошқаларга муаммо келтириши аниқ.
Билимсиз танқид ёки ноўрин маслаҳатлар кўпинча ўзаро келишмовчиликларга олиб келади. Натижада жамиятда ўзаро ҳурмат ва ишонч камаяди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дажжол (келиши) олдидан бир неча йиллар алдов-макрлар бўлади. Бу йилларда ростгўй ёлғончига чиқарилиб, ёлғончи ростгўй саналади. Омонатдор хиёнатчига, хиёнаткор эса омонатдорга чиқарилади. Мана шу муддатда рувайбиза гапга тушади” (Имом Аҳмад, Имом Абу Яъло ва Имом Баззоз ривояти).
Шу мазмундаги бошқа бир ҳадисни Имом Ибн Можа Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Унда қуйидаги қўшимча ҳам бор: «Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, “рувайбиза” нима дегани?” дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У омманинг иши ҳақида (ўзича) гапирувчи бемаъни – бачкана кимса”, деб жавоб бердилар». Биз бугун бундай кимсаларни ижтимоий тармоқларда диний мавзулар ҳақида илмсиз “пост” ёзувчилар ва изоҳловчилар тимсолида ҳам кўп кўрамиз.
Динимиз таълимотида ҳам билмаган нарсага аралашиш қаттиқ қораланган. Исломда инсондан ҳар бир гапига масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Қуръони каримда: “Ўзинг билмаган нарсанинг ортидан борма” (Исро сураси, 36-оят), деб огоҳлантирилади.
Бу оят инсонни асоссиз гапиришдан, билимсиз ҳукм чиқаришдан қайтаради. Афсуски, баъзилар диний илми бўлмаса-да, ўқиган, эшитганларига таяниб ўз билганича фатво ё ҳукм айтиб юборади. Имомлар билан тортишиб, уламоларнинг фатволарига аралашиш, ҳатто уларни муҳокама қилишга ҳам ўтиб кетади.
Ачинарлиси, гап нима ҳақида эканини тўлиқ англамай, нотўғри хулоса чиқараётганлар, имомнинг фикри ё фатвоси қолиб, унинг ўзини ғийбат қиладиганлар ҳам анчагина. Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради: “Билмаган нарсанг ортидан эргашма. Албатта, қулоқ, кўз ва қалб – буларнинг барчасидан сўралувчидир” (Исро сураси, 36- оят).
Бу оят очиқ-ойдин кўрсатадики, инсон билими етмаган масалада гапирмаслиги лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи ўша фатвони берган кишига бўлади” (Имом Абу Довуд ривояти); “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир” (Имом Доримий ривояти).
Ҳадислардан маълум бўладики, фатво – катта масъулият. Илмсиз инсоннинг фатвога аралашуви одамларни адаштиради. Абдурроҳман ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг 120 нафари ансорлардан эди. Агар уларнинг биридан бирор масала ҳақида (фатво) сўралса, унинг ўрнига (ёнидаги) соҳиби жавоб бериши у учун маҳбуб эди».
Улар фатво беришдан, билмасдан туриб “Бу масаланинг жавоби бундай” дейишдан қўрқишар, шу боис бошқа киши жавоб беришини хоҳлашарди.
Бир сўз билан айтганда, инсон қайси мавзуда ўз фикрини билдирмоқчи бўлса, олдин уни ўрганиши, билимини ошириши ва энг муҳими, ўз ҳаддини билиши зарур. Айниқса, диний масалаларда ҳар бир инсон жуда ҳушёр бўлиши шарт. Билмаса, сукут сақлагани афзал.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон туманидаги “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws