Ҳасадгўй ўз чоҳига ўзи йиқилади
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ “Иҳёу улумид-дин” асарида Бакр ибн Абдуллоҳ Музанийдан қуйидаги ибратли ҳикояни келтирадилар.
Бир киши подшоҳга яқин бўлиб, унинг энг ишончли кишиларидан бирига айланди. У доимо подшоҳнинг ёнида юрар ва ҳар сафар бир ҳикматли гапни такрорлар эди:
“Яхшилик қилганга яхшилик қилгин, ёмоннинг ёмонлиги ўзига кифоя!”.
Бир куни бошқа бир киши унинг подшоҳга бўлган яқинлигини кўролмай, унга ҳасад қилди. Уни подшоҳнинг кўзидан қолдириш мақсадида ҳузурига бориб, туҳмат қилди:
– Подшоҳим, сизнинг яқин кишингиз сизнинг оғзингиз бадбўй эканини айтади, — деди.
Подшоҳ ҳайрон бўлиб сўради:
– Бу гапинг ростлигини қандай исботлайсан?
Ҳасадгўй жавоб берди:
– Уни ҳузурингизга чақиринг. Агар у оғзини қўли билан беркитса, менинг гапим рост эканини биласиз.
Сўнг ҳасадгўй подшоҳнинг дўстини зиёфатга таклиф қилди ва унга саримсоқ солинган таом едирди. Зиёфатдан кейин подшоҳ уни чақиртираётганини айтди.
Подшоҳнинг дўсти саройга келди. Оғзидан саримсоқ ҳиди келмаслиги учун подшоҳга яқин ўтиришдан тийилди. Подшоҳ эса уни ёнига чақирди. У ҳид безовта қилмаслиги учун оғзини қўли билан беркитиб гапирди.
Подшоҳ ҳасадгўйнинг гапига ишонди.
Подшоҳ бирор кишига мукофот берса ҳам, жазо тайинласа ҳам, ҳукмни ўз қўли билан ёзар эди. У дўстига бир мактуб бериб, уни волийларидан бирига етказишни буюрди. Мактубда шундай ёзилган эди:
“Мактубни олиб борган кишини қатл эт, терисини шилиб, ичига сомон тўлдир ва менга юбор!”.
Подшоҳнинг дўсти саройдан чиқиб, йўлда ҳасадгўйга дуч келди. Ҳасадгўй мактубни кўриб, уни мукофот деб ўйлади ва:
– Мактубни менга бер, уни мен етказиб қўя қолай, – деди.
Дўсти мактубни унга берди. Ҳасадгўй эса мактубни волийга олиб борди. Волий мактубни ўқиб, ундаги ҳукмни бажаришга киришди. Ҳасадгўй ўзини оқлашга уринди:
– Бу мактуб менга эмас, подшоҳнинг дўстига тегишли. Истасангиз, подшоҳдан сўраб кўринг!
Волий эса:
– Подшоҳнинг ҳукмига эътироз билдирилмайди, – деб жавоб берди.
Шундай қилиб, ҳасадгўйнинг ўзи ўзига қазилган чоҳга йиқилди. У подшоҳнинг дўстига раво кўрган жазонинг қурбони бўлди.
Эртаси куни подшоҳнинг дўсти ҳузурига келгач, подшоҳ ундан мактубни нима қилганини сўради. У бўлган воқеани бирма-бир айтиб берди.
Подшоҳ ҳайрат билан сўради:
– Сен менинг оғзим бадбўй эканини айтмаганмидинг?
Дўсти эса саримсоқли таом егани ва шу сабаб оғзини беркитганини тушунтирди.
Шунда подшоҳ ҳақиқатни англади: ҳасадгўйнинг макри ўз бошига етган эди. У дўстига қараб:
– Ўша ҳикматли қоидани маҳкам тут! – деди.
Ҳасад ва макр инсонни яхшиликдан узоқлаштириб, охир-оқибат ўзини ҳалокатга етаклайди. Ким бировга чоҳ қазиса, ўзи унга йиқилиши мумкин. Ким фитна оловини ёқса, бир кун келиб ўша оловда ўзи ҳам куйиши эҳтимол.
Ҳаётда ҳар бир инсон қилган ишининг оқибатига дуч келади. Яхшилик қилган яхшиликнинг самарасини кўради, ёмонлик қилган эса қилмиши оқибатидан қочиб қутула олмайди.
Ҳасадгўйнинг энг катта мусибати – ўз қўлидаги неъматларни кўра олмаслигидадир. Бировнинг бахти уни қувонтирмайди, аксинча, қалбини изтиробга солади. Шу тариқа у ўз ҳаётидаги бор неъматларнинг қадрини унутиб, ўзгаларнинг бахти билан яшайди.
Ҳасаднинг энг хатарли жиҳати ҳам шундаки, у фақат инсонлар ўртасидаги муносабатни бузмайди, балки бандани Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликка ҳам етаклайди. Чунки неъматларни берувчи ҳам, тақсимловчи ҳам Аллоҳ таолодир. Бировнинг ризқига ҳасад қилиш эса Аллоҳнинг ҳикмати ва тақсимотига нисбатан норозилик туйғусини кучайтиради.
Ҳасадгўй бошқаларнинг неъматини кўролмайди, уларни бу неъматга муносиб деб билмайди. Ҳолбуки, ҳар бир инсоннинг ризқи, насибаси ва синови турличадир.
Шунинг учун мўмин киши ўз қалбини ҳасаддан поклаши, бошқаларга берилган неъматни кўрганда барака тилаши ва ўз насибасига шукр қилиши лозим. Зеро, бировнинг неъмати камайиши билан бизнинг неъматимиз кўпаймайди. Бировнинг бахтини кўролмаслик – ўз бахтингни ҳис қила олмасликдир.
Абдулқодир ПОЛВОНОВ