Пайғамбарларнинг энг охиргиси
«Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир» (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломнинг Зайнаб онамизга уйланишларида қандай манфаат ва фойдалар борлигини баён қилгач, Зайд розияллоҳу анҳу Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўғиллари эмаслигини, ўз навбатида, у зот ҳам эркаклардан бирортасининг отаси эмаслигини эълон қилди.
Шу ўринда: “Набий алайҳис саломнинг Қосим деган ўғиллари бўлган. Гарчи у ёшлигида ва фот этган бўлса ҳам, унга Сарвари олам ота бўлганлар-ку?” деган савол туғилса, унга икки хил жавоб бериш мумкин:
Биринчиси, оятдаги “эркак” сўзининг маъноси катта ёшга тўлган ва балоғатга етганликни англатади. Набий алайҳиссаломнинг эса “эркак” деб айтиладиган даражада катта ёшли, балоғатга етган ўғиллари бўлмаган. Ҳамма ўғил фарзандлари гўдаклигида вафот этган.
Иккинчиси, оятда “сизларнинг эркакларингиздан” деб зикр қилинган. Бу оят нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тирик бўлган бирорта эркак жинсидаги фарзандлари йўқ эди.
Аллоҳ таоло Сарвари оламнинг насабий ота эканларини инкор қилгач, ортидан у зотда баъзи жиҳатлардан худди оталик ҳукмида бўлган сифатнинг собитлигини эълон қилиб: “Балки у Аллоҳнинг элчиси…” деди. Зеро, Аллоҳнинг Расули ўз умматига нисбатан ғамхўрлик ва меҳрибонликда худди ота каби, балки ундан ҳам яқинроқдир! Чунки Набий алайҳиссалом мўминларга уларнинг ўзларидан ҳам яқинроқ ва ҳақлироқдир.
Сўнгра Аллоҳ таоло у зотнинг умматга бўлган меҳрибонликларининг, умматнинг эса у зотга нисбатан таъзимининг янада зиёда бўлишини ифодаловчи сифатни зикр қилди: “ва пайғамбарларнинг муҳридир”. Чунки ўзидан кейин яна пайғамбар келадиган набий агар бирор насиҳат ёки баённи қолдириб кетган бўлса, ундан кейин келадиган набий уни тўлдириши мумкин. Аммо ўзидан кейин ҳеч қандай пайғамбар келмайдиган зот ўз умматига нисбатан энг меҳрибон, уларни тўғри йўлга энг кўп бошловчи ва энг кўп фойда келтирувчи бўлади. “Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир”, яъни Унинг ҳар бир нарсани қамраб олувчи илмига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳеч қандай пайғамбар келмаслиги ҳам киради. У зотни ўзларининг асранди ўғиллари талоқ қилган аёлга уйланшлари амр этилиб, оят нозил бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг шариати исломияни мукаммал қилиш сирасига кирувчи ҳикматларидандир. Агар у зот бу ишни амалда ўзлари кўрсатиб бермай, сўз билан айтиб қўйганларида баъзиларнинг қалбида ўша ишга нисбатан жирканиш ва шубҳа сақланиб қолган бўлар эди. Масалан, “зобб” деб номланувчи калтакесак гўштини у зот ҳалол деган бўлсалар ҳам, ўзлари емаганлари учун инсонлар қалбида унга нисбатан барибир шубҳа қолиб кетган. Аммо туя гўштини ўзлари еганлари сабабли, мусулмонлар учун уни ейиш ёқимли ва шубҳасиз бўлди.
Шу боис Аллоҳ таоло мазкур ҳукмни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари устида татбиқ қилиб, кишилар қалбидаги шубҳаларга барҳам беришни ихтиёр этди. Бу эса Аллоҳ таоло барча нарсани билувчи Зот эканини яна бир бор тасдиқлайди.
“Мафотиҳул ғайб” асари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws